2015 йилдан O’zLiDeP Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси сифатида фаолият юритиб келмоқдаман. Ютуқларимда, албатта, партиянинг ўрни катта. Бугунги кунга келиб, O’zLiDeP партияси сиёсий майдонда ўзининг 20 йиллик тарихига, мавқега эга сиёсий кучга айланди.

Таъкидлаш жоизки, қисқа фурсатда партия ўзининг амалий ишлари билан халқ ишончи ва меҳрини қозона олди. Мақсад ва ғояларининг халққа яқинлиги, мамлакат равнақига хизмат қилиши билан партия Парламент ва Президент сайловларида муваффақиятли иштирок этди.

Айниқса, шу йиллар орасида Қорақалпоғистон Республикаси Кенгашида партиянинг дастур ва мақсадларини амалга ошириш, тадбиркор ва фермерларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни сиёсий  майдонга олиб чиқиш борасида қатор хайрли ишлар амалга оширилди. Бунда, албатта, партиянинг ғоявий мақсад ва вазифаларини аҳоли орасида тарғиб қилишда қуйи бўғинларнинг ҳам ўрни катта. Бошланғич ташкилотлар  партиянинг таянч нуқтаси ҳисобланиб, жўяли таклифлар, аввало, қуйи бўғинларда шаклланади. Партия ана шу ғоялар негизида маслакдошларни бирлаштиради.

Бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикасида 88 минг нафардан зиёд сафдошимиз 1 минг 71 та бошланғич партия ташкилотига бириктирилган ҳолда фаолият олиб бормоқда. Халқ орасига чуқурроқ  кириб бориш, одамларнинг ҳол-аҳволидан хабардор бўлиш, уларнинг муносиб ҳаёт кечиришлари учун тўсқинлик қилаётган камчиликларни бартараф этиш бугунги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг энг асосий мақсадларидан эканлигини депутатларимиз дилдан ҳис этган ҳолда аҳоли мурожаатларини ижобий  ҳал этишга жиддий эътибор қаратишмоқда. Ҳар қандай сиёсий кучнинг халқ орасидаги обрў-эътибори ва жамиятда тутган ўрни янада юксалишида партия фаоллари ва депутатларининг саъй-ҳаракатлари муҳим аҳамият касб этади. Бугунги кунда Олий Мажлис Қонунчилик палатасига 3 нафар,  Қорақалпоғистон  Республикаси Жўқорғи Кенгесига 14 нафар ва халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашларига 131 нафар – жами 148 нафар депутат сайланиб, халқ ишончини оқлашда  фаолият олиб бормоқда.

Сағиндиқ Турманов,

Қорақалпоғистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири,

O’zLiDeP Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси.

ЎзА