Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Элликқалъа туман бўлими томонидан олинган тезкор маълумотга кўра, Давлат хавфсизлик хизмати Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси ва Ички ишлар бўлими ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда “Кичик Гулдурсин” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги хонадонлардан бирида яшовчи С.А. ўз уйида алкоголь маҳсулотлари ишлаб чиқараётганлиги аниқланди.
Ушбу хонадондан 2 минг 157 дона “Русская водка” номли қўлбола усулда тайёрланган алкоголь маҳсулоти, 865 дона қалбаки акциз марка, 160 литр спирт, 21 минг 190 дона бўш шиша идиш ва бошқа ишлаб чиқаришда фойдаланилган товар моддий бойликлар ашёвий далил сифатида олинди.
Шунингдек, Департаментнинг Беруний туман бўлими томонидан Ички ишлар бўлими ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро З.А.нинг ўз уйида алкоголь маҳсулоти ишлаб чиқараётганлиги маълум бўлди. Ундан қўлбола усулда тайёрланган 120 дона “Қаратау” номли алкоголь маҳсулоти, 120 литр спирт ва бошқа ишлаб чиқаришда фойдаланилган товар моддий бойликлар ашёвий далил сифатида олинган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири