Шу кунларда Италиянинг Монтесильвано шаҳрида шахмат бўйича 18 ёшгача бўлган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионати ўтказилмоқда.
Дунёнинг 80 та мамлакатидан 760 нафардан зиёд ёш шахматчилар иштирок этаётган мусобақада ўғил ва қизлар учта ёш тоифасида чемпионлик учун кураш олиб бормоқда.
Ўғил болалар ўртасида U18 ёш тоифасида 134 нафар, U16да 138, U14 ёш тоифасида 178 нафар иштирокчи дона сураётган бўлса, қизлар ўртасидаги баҳсларда 18 ёшгача бўлганлар 86, 16 ёшгача 138 ва 14 ёшгача эса 125 нафар иштирокчи ғолиблик учун курашларда қатнашмоқда.
Жорий йилнинг 25 ноябрига қадар давом этадиган мазкур чемпионатда мамлакатимизнинг 3 нафар умидли ёш шахматчилари юртимиз шарафини ҳимоя қилмоқда.
Терма жамоамиз аъзоларидан 14 ёшли ўғил болалар орасида Миразиз Қўзиев, 16 ёш тоифасида Гулдона Каримова, 14 ёш тоифасидаги қизлар беллашувида Афрўза Ҳамдамова баҳсларга киришди.
Ортда қолган 3-тур баҳсларидан кейин М.Қўзиев ва А.Ҳамдамова 2, Г.Каримова 1,5 очкога эга бўлиб турибди.
Т.Рўзиев,
ЎзА