Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлигида “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ташаббуси билан “Фуқаролик жамияти ҳафталиги” доирасида “Трансформацион жараёнларда нодавлат нотижорат ташкилотларининг ўрни” мавзусида очиқ мулоқот бўлиб ўтди. Унда маҳаллий ҳокимият органлари вакиллари, вазирлик ва идоралар, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Тадбирда “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлинмаси раҳбари Т.Романов, Қорақалпоғистон Республикаси адлия вазири биринчи ўринбосари А.Пренов, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлинмаси раҳбари Қ.Каримходжаев, Ҳудудларни иқтисодий ривожлантиришга кўмаклашиш марказининг Қорақалпоғистон бўлими раҳбари А.Нурманбетов ва бошқалар сўзга чиқиб, нодавлат нотижорат ташкилотларнинг давлат ва жамият бошқарувидаги иштирокини ошириш, уларнинг давлат томонидан қўллаб-қувватланиши бўйича амалга оширилаётган ишлар, уларнинг ҳуқуқий асослари тўғрисида гапирди.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, нодавлат нотижорат ташкилотлари бугунга келиб, том маънода жамият ва давлатимизнинг барқарор тараққиёти, халқимиз фаровонлигини оширишнинг муҳим омилларидан бирига айланмоқда. Фуқаролик жамияти ҳафталиги ислоҳотлар жараёнларининг барча иштирокчилари учун конструктив мулоқот майдони бўлиб, уларнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштиришга, мамлакатимизда фуқаролик жамиятини янада ривожлантиришга хизмат қилади.
–Мамлакатимизда охирги йилларда амалга оширилган кенг кўламли демократик ислоҳотлар натижасида нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти институтлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш орқали соҳани жадал ривожлантириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланмоқда, – дейди “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлинмаси раҳбари Т.Романов, – Хусусан, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини давлат томонидан субсидиялар, грантлар ва ижтимоий буюртмалар шаклларида қўллаб-қувватлаш ҳажми йилдан йилга ошиб бормоқда.
Тадбир иштирокчилари кун тартибидаги мавзулар бўйича ўзларининг тавсия ва таклифларини билдирди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА мухбирлари