ФОТОРЕПОРТАЖ
Ўзбекистон Бадиий академияси тасарруфидаги Жоллибой Изентаев номидаги Қорақалпоғистон Республикаси ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернатида тасвирий ва амалий санъатга қизиқувчи ёш истеъдодларнинг ижодий камолоти учун барча шароит яратилган.
Ушбу санъат даргоҳида таълим олган Бахтиёр Серекеев, Қозоқбой Хўжамуратов, Наврўз Айтмуратов, Эленора Абдуқодирова, Дилноза Одилчаева, Анипа Ортиқова, Айнура Сапекеева, Бийбиноз Қайповалар маҳоратли рассом, тажрибали ҳунарманд ва дизайнер сифатида кенг жамоатчиликка яхши танилган.
Бундан ташқари, Бердақ номидаги Давлат мукофоти соҳиби, II даражали “Соғлом авлод учун” ордени соҳиби рассом Мурод Худойберганов, Қорақалпоғистон Республикасига меҳнати синган маданият ходими Гулистон Турдимуратова, Ўзбекистон Халқ таълими аълочиси Авезжон Давлетова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси Женис Лепесов каби фахрий устозлар ушбу мактаб-интернатда ёшларга сабоқ берган.
2016 йилда мазкур санъат мактаб-интернати замонавий янги бинога эга бўлди. Ҳозирда бу ерда “Дасгоҳли рангтасвир рассоми”, “Театр саҳна безаги рангтасвир рассоми”, “Либослар дизайни”, “Бадиий каштачилик уста рассоми”, “Бадиий кулолчилик уста рассоми”, “Бадиий ёғоч ўймакорлиги уста рассоми”, “Бадиий гилам ва гобеленлар уста-рассоми” каби йўналишларда 300 дан зиёд ўғил-қиз сабоқ олмоқда.
Маҳоратли уста-педагоглар кўмагида қалами чархланаётган ўқувчилар “Камолиддин Беҳзод издошлари”, “Конституция – ранглар жилосида”, “Ватаним равнақига менинг ҳиссам”, “Камалак” юлдузлари” каби республика ижодий танлов ва фестивалларида иштирок этиб, совринли ўринларни эгаллаб келмоқда.
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА