ФОТОРЕПОРТАЖ
Нукус шаҳридаги Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, Қорақалпоғистон халқ шоири Халила Давлетназаров таваллудининг 70 йиллиги муносабати билан “Сиздан мерос бўлиб, яхшилик қолсин” номли мусиқали-адабий кеча бўлиб ўтди. Унда ёзувчи ва шоирлар, адабиётчи олимлар, маданият ва санъат соҳаси вакиллари, талаба-ёшлар иштирок этди.
Халила Давлетназаров қалами ўткир шоир бўлиш билан бирга, маҳоратли журналист сифатида кўп йиллар телевидение, радио ва республика газеталари таҳририятларида самарали меҳнат қилган. Ҳозирда “Амударё” журналининг бош муҳарриридир. Ижодкорнинг мазмунга бой шеърлари ва поэмалари жамланган ўнтадан ортиқ тўплами чоп этилган. Шунингдек, лирика жанридаги қатор шеърларига мусиқа басталанган.
Тадбирда Халила Давлетназаровга Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Президиуми қарори билан берилган “Ватан фидойиси” кўкрак нишони тантанали тарзда топширилди.
Тадбир сўнггида шоир шеърларига басталанган қўшиқлардан тузилган концерт дастури иштирокчилар эътиборига ҳавола этилди.
ЎзА фотомухбири Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ олган суратлар