Қорақалпоғистон Республикаси Тўрткўл туманида кураш бўйича “Прокурор кубоги” туманлараро мусобақаси бўлиб ўтди.
Унда Тўрткўл, Беруний, Элликқалъа, Амударё туманларидан 100 нафардан зиёд 14-30 ёш оралиғидаги ўғил ва қиз болалар ҳамда фахрий спортчилар 7 та вазн тоифасида ғолиблик учун беллашди.
Таъкидланганидек, 2-сектор раҳбарлари томонидан уюшмаган ёшлар билан ишлаш, ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишини таъминлаш, уларни спортга, соғлом турмуш тарзига қизиқтириш борасида турли мавзуларда тадбирлар ташкил этилмоқда.
Кескин ва муросасиз кечган баҳсларда мусобақа ғолиб ва совриндорларига тегишли даражадаги медаль, диплом ҳамда қимматбаҳо совғалар топширилди.
Шу куни 2-сектор ҳудудига қарашли бўлган маҳалла ва овул фуқаролар йиғинларидаги прокурор оталиғига олинган ёшларнинг Урганч шаҳридаги музей ҳамда театрга саёҳати ҳам уюштирилди.
Тадбир сўнггида таниқли санъаткорлар иштирокидаги концерт дастури ва гулхан атрофида ижро этилган куй-қўшиқлар ёшларга хуш кайфият бағишлади.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири