Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида институт ташкил этилганлигининг 80 йиллик юбилейига бағишланган конференция бўлиб ўтди.

Тадбирда Фанлар академияси тизимидаги институт ва музейлар, бир нечта ОТМлар, бошқа бир қатор маҳаллий ва хорижий ҳамкор ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти 1943 йил Ўзбекистон Давлат халқ кутубхонаси (ҳозирги Алишер Навоий номидаги Давлат кутубхонаси) нинг Шарқ бўлими асосида ташкил топган ва 1950 йилгача Шарқ қўлёзмаларини ўрганиш институти деб аталган. 1950 йилда эса Институтда олиб борилаётган илмий соҳалар қамровини ҳисобга олиб, Шарқшунослик институти деб номланган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Қадимий ёзма манбаларни сақлаш, тадқиқ ва тарғиб қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2017 йил 24 майдаги Қарорига асосан, институт мамлакатимиздаги қадимий қўлёзмалар, тарихий-маданий аҳамиятга эга бўлган замонавий ёзма манбаларни сақлаш, ўрганиш, илмий асосда тадқиқ этиш ва тарғиб қилиш бўйича етакчи илмий-тадқиқот муассасаси этиб белгиланди.

Институтнинг илмий фаолияти асосан қўлёзмалар фонди билан боғлиқ. Бу қўлёзмалар мажмуаси илмий жиҳатдан дунёдаги энг йирик ва машҳур хазиналардан бири ҳисобланади. Бу хазинада сақланаётган асарларнинг ичида энг қадимийси IХ асрга оид (Қуръони каримнинг куфий хати билан китобат қилинган нусхаси), энг янгилари эса ХХ асрнинг ўрталарига тўғри келади.

Қўлёзмалар мажмуасидаги асарлар ўзбек, араб, форс, тожик, урду, пушту, озарбайжон, турк, татар, туркман, уйғур ва бошқа шарқ халқлари тилларида ёзилган.

Мазкур асарлар ўрта аср ва ундан кейинги даврлар фанининг турли тармоқларига, яъни тарих, адабиёт, фалсафа, ислом илмлари, фалакиёт, кимё, табобат, жуғрофия, доришунослик, тил, мусиқа, математика, маъданшунослик ва бошқа соҳаларга оид.

—Ҳозирги вақтда қўлёзмалар хазинасида 26000 жилдга яқин қўлёзма сақланмоқда,—дейди Филология фанлари доктори, институт катта илмий ходими Салимахон Эшонова. — Уларнинг кўпчилигида бир қанча асарлар жамланган. Тошбосма ва нашр этилган китобларнинг умумий сони 40000 га яқин жилдни ташкил этади. Улар Ўрта Осиё, шунингдек, Шарқ мамлакатлари – араб давлатлари, Афғонистон, Покистон, Туркия, Хитой, Эрон, Ҳиндистон тарихини ўрганишда ўта муҳим аҳамият касб этади.

2000 йилда Институтнинг қўлёзмалар хазинаси дунёдаги энг бой қўлёзмалар мажмуаси сифатида ЮНЕСКО Маданий мерос рўйҳатига киритилган. 2023 йилда шу фонддаги Жалолиддин Румий асарларининг қўлёзмалари ҳам алоҳида мазкур рўйхатга қўшилди.

Тадбир давомида мавжуд қўлёзмалар фондини сақлаш ва бойитиш, ундаги турли мавзуларга оид манбаларни каталоглаштириш ҳамда таржима ва тадқиқ этиш, Марказий Осиёнинг қадим ва ўрта асрлардаги тарихини ўрганиш каби масалаларда тегишли ОТМ лар билан ҳамкорликни янада кучайтириш институт олдида турган асосий вазифалар экани таъкидланди.

Н.Раҳмонова, ЎзА