Пойтахтимизда хорижий давлатлардан мамлакатимиздаги умумтаълим мактабларига жалб этилган чет тили фани ўқитувчилари билан учрашув бўлиб ўтди.

Тадбирга Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, АҚШ, Хитой, Франция, Германия, Буюк Британия элчихонаси вакиллари, шунингдек, ЮНЕСКО, ЮНИСЕФ, USAID, Британия кенгаши, Франция альянси, Гёте институти мутахассислари, юртимиз ҳамда хорижий мамлакатларнинг ўқитувчилари таклиф этилди.

Учрашувда таъкидланганидек, кейинги йилларда таълим соҳасида ҳам жадал ўзгаришлар кечмоқда. Бу янгиланишларда педагогларга зарур имконият ва шароитларни янада кўпроқ яратиш орқали таълим сифатини тубдан яхшилаш масаласига жиддий эътибор қаратилмоқда. Президентимиз ғояси асосида мамлакатимиз ёшларига хорижий тилда таълим бериш жараёнини мутлақо янгича асосда йўлга қўйиш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда. Бу йўналишда ривожланган давлатларнинг катта педагогик тажрибага эга, ўз соҳасининг билимдони бўлган ўқитувчиларни мамлакатимиз умумтаълим мактабларига ишга таклиф этиш тажрибаси йўлга қўйилди. Бу эса ёшларнинг чет тилларини мукаммал ўрганишида янги имкониятларни очиб бермоқда.

Хориждан таклиф этилган ўқитувчилар иштирокида бўлиб ўтган мазкур учрашувдан кўзланган асосий мақсад ҳам хорижий тилларни ўқитишга доир илғор дастурларни оммалаштиришдан иборат бўлди.

Учрашув доирасида хорижий ҳамкорлар томонидан Ўзбекистонда чет тилларни ўқитишни янада ривожлантириш бўйича таклифлар билдирилди. Шу билан бирга, чет тилларини ўқитишни такомиллаштириш ва ҳамкорлик қилишга қаратилган “йўл харитаси”ни ишлаб чиқишга келишиб олинди.

Жорий ўқув йилидан бошлаб мамлакатимиз умумтаълим мактабларида хорижий тилларни ўрганиш сифатини ошириш мақсадида кўплаб янгиликлар жорий этилмоқда. Хорижий таълим ташкилотлари, элчихона, ваколатли орган, хорижий ва маҳаллий рекрутинг ташкилотлари билан ҳамкорликда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимидаги таълим муассасаларида ўқувчиларга дарс бериш учун хорижий юқори малакали ўқитувчилар жалб этилди. Таълим сифатини ошириш мақсадида хорижлик мутахассисларнинг мактабларда дарс бериши босқичма-босқич амалга оширилмоқда.

Айни вақтда таълим масканларида жами 500 нафардан ортиқ хорижлик педагог инглиз, немис, француз тилларидан дарс беришга жалб этилган. Хорижлик педагоглар ўзи бириктирилган мактабнинг юқори синф ўқувчиларига Буюк Британиянинг “Cambridge University Press”, Франциянинг “Didier”, Германиянинг “Klett” нашриёти дарслик ва дастурлари асосида дарс ўтмоқда.

Шунингдек, хорижлик ўқитувчилар кундалик дарс юкламаларидан ташқари ўқувчилар учун ҳар ҳафтада камида уч марта дарсдан ташқари тўгарак ва маҳаллий ўқитувчилар учун ҳар ҳафтада камида бир марта маҳорат дарслари ва семинарлар ташкил этиб келмоқда.

–Тошкент шаҳридаги 64-мактабда инглиз тилидан дарс бераман, – деди туркиялик педагог Ясмин Гундогду. – 24 йиллик педагогик иш тажрибасига эгаман. Ўзбекистонлик ўқувчилар билимга чанқоқ экан. Уларнинг ўқишдаги натижалари жуда яхши экани мени мамнун этади. Наинки мактаб ўқувчилари, балки ўқитувчиларнинг ҳам инглиз тили бўйича билимларини бойитишга яқиндан ёрдам бераяпмиз. Шу мақсадда тил ўрганиш бўйича тўгараклар, хорижий тилда сўзлашув синфлари ташкил этганмиз.

–Болалар ҳақиқий инглизча талаффузни, соф хорижий сўзлашувни эшитиши керак, – деди АҚШдан келган ўқитувчи Усмон Маъмур. – Оиламиз 1977 йилда тақдир тақозоси билан АҚШга кўчиб кетган. Отам тадбиркор, онам – чевар. Оилада доим ўзбек тилида сўзлашишга ҳаракат қиламиз. Аслида тил ўрганиш қийин эмас. Эшитиш, кўриш, фаол ҳаракатлар орқали хорижий тил ўргатиш сабоқлари болалар онгига сингдирилади. Фақатгина грамматика орқали болаларга инглиз тилини ўргатиб бўлмайди. Дарс жараёнида ҳамма вақт фақат ўқитувчи гапирса, бунинг ҳам фойдаси бўлмайди. Болаларга чет тилларини ўргатмоқчимизми, энг аввало уларнинг ўзларига кўпроқ гапиришга имкон беришимиз керак. Дарсларнинг ҳаётий, жонли мулоқотлар асосида, фаол тарзда ўргатиш ғоят муҳимдир. Тил ўрганишда аввало сўзлашув муҳим. Майли, эҳтимол ўқувчи сал нотўғри ёки ғалатироқ гапирар, хато қилар, лекин тил ўрганиш аввало фаол сўзлашув орқали амалга ошади. Болаларнинг шу тарзда тил ўрганиши бўлса, келгусида ўзбекистонлик ўқувчилар чет тилларни билиш бўйича жаҳонда биринчи ўринга чиқиб олади.

– Эндиликда болалар фақат мактабнинг синфхоналарида ёки аудиторияларда эмас, балки мактабдан ташқари жойларда ҳам хорижий тилларда сўзлашмоқда, – деди Тошкент шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш шўъбаси бошлиғи Назира Нурматова. – Дарсдан ташқари ҳафтасига уч марта хорижий тилларни ўрганиш тўгараклари ташкил этилган. Бундан ташқари мутахассислиги инглиз тилини ўрганиш бўлмаган педагогларнинг ҳам хорижий тилларни ўрганишга бўлган иштиёқи кучайди.

Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёрдамчиси Саида Мирзиёева сўзга чиқди.

Назокат Усмонова, ЎзА мухбири