Сўнгги йилларда давлат активларини ва ер участкаларини хусусийлаштириш, бўш турган объектлардан самарали фойдаланишни ташкил этиш, айниқса, тадбиркорларга бино ва иншоотлар, ер участкаларни ажратишнинг электрон, очиқ ва шаффоф тизими яратилганлиги улар фаолиятларининг кенгайиши ва ривожланишида, мулкдорлар сафининг янада кўпайишида катта аҳамиятга эга бўлмоқда.

Бу борада Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси томонидан жорий йилнинг ўтган ойлари мобайнида  бир қатор ишлар амалга оширилди.

– Жумладан, жорий йилнинг ўзида жами 128 та давлат активи аукцион савдоларига чиқарилган бўлиб, шундан 28 таси 9,2 миллиард сўмга бўлиб тўлаш шарти билан сотилишига эришилди, – дейди Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлигининг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси бошлиғи Махсуд Раджапов. – Хусусан, Қўнғирот туманида жойлашган “Қўнғирот-Устюрт темир йўл обод” парандачилик комплекси 3,6 миллиард сўмга, Нукус шаҳрида жойлашган  Қозонхона биноси 1,3 миллиард сўмга, Маъмурий бино 731 миллион сўмга,Тўрткўл туманида жойлашган хизмат кўрсатиш биноси 899,7 миллион сўмга, Амударё туманида жойлашган бўш турган бино 597,9 миллион сўмга сотилди.

Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 31 август кунги “Қорақалпоғистон Республикасида тадбиркорлик, инновацион технологиялар ва инфратузилмаларни жадал суръатларда ривожлантириш орқали аҳоли фаровонлигини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикасида жойлашган давлат активларини аукцион савдолари орқали сотишда бир қанча имтиёзлар берилди.

Жумладан, сотилган нархидан қатъи назар, сотиб олиш тўловларини 7 йил муддатга бўлиб тўлаш имконияти,  аукцион савдоларида сотилган давлат кўчмас мулк объектлари бўйича тузилган олди-сотди шартномаларига мувофиқ тўловлар 3 ой ичида тўлиқ тўланганда шартнома қийматининг 25 фоизига тенг миқдорда чегирмалар бериш, қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкалари мулк ҳуқуқи асосида электрон онлайн-аукцион савдоларига бошланғич қиймати 50 фоизга камайтирилган ҳолда чиқарилиши, хусусийлаштириш дастурларига мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикасида жойлашган давлат активларини (бундан ҳудуди 10 000 квадрат метргача бўлган давлат кўчмас мулк объектлари мустасно) сотишдан тушган маблағлар, уларни баҳолаш ва сотиш ҳаражатлари чегирилган ҳолда, Қорақалпоғистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Сув таъминоти ва канализация тизимларини ривожлантириш ҳудудий жамғармасига мақсадли йўналтирилиши белгиланди.

Бугунги кунда тадбиркорлар мазкур имтиёзлардан кенг фойдаланаётган бўлиб, сотилган давлат объектлари бўйича тузилган 3,4 миллиард сўмлик 18 та олди-сотди шартномаси бўйича тўловлар 3 ой ичида тўлиқ тўланганлиги учун тадбиркорларга шартнома қийматининг 25 фоизига тенг миқдорда чегирмалар берилди. Натижада  тадбиркорлар томонидан 841,1 миллион сўм иқтисод қилинди.

Давлат идора ва корхоналарига тегишли бўлган кўчмас мулкларни аукцион савдолари орқали ижарага бериш бўйича 1 минг 136 та ижара шартномаси расмийлаштирилиб, тадбиркорлик субъектларига 10,4 миллиард сўмга ижарага берилди. Шунинг натижасида 8,3 миллиард сўм тушум маҳаллий бюджетга туширилиши таъминланди.

Бундан ташқари, Президентимизнинг 2023 йил 24 мартдаги “Иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинган бўлиб, мазкур қарорга асосан Қорақалпоғистон Республикасида жами 114 та (шундан, 82 та кўчмас мулк объекти, 32 та давлат улуши) давлат ва давлат иштирокидаги хўжалик жамиятларнинг активлари оммавий савдолар орқали хусусийлаштирилиши белгиланди. Бугунги кунда мазкур давлат активлари белгиланган тартибда оммавий  савдоларга  чиқарилмоқда

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири