Божхона соҳасида тадбиркорлик субъектлари учун яратилаётган имконият ва имтиёзларнинг қўлланилиш тартибини теран тушунтириш, ҳуқуқий маслаҳат ва кўмак бериш мақсадида “Божхоначи – тадбиркор таянчи” шиори остида тарғибот ишлари давом этмоқда.

Қўнғирот туманидаги “UZ KOR GAS CHEMICAL” қўшма корхонаси вакиллари билан “Божхона ҳудудида қайта ишлаш” божхона режими афзалликлари бўйича учрашув бўлиб ўтди. Ушбу йирик саноат корхонасида асосан табиий газ маҳсулотини қайта ишлаш орқали полиэтилен ва полипропилен маҳсулоти ишлаб чиқарилади. Жорий йил бошидан Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси орқали корхонанинг 35,8 миллион АҚШ доллари қийматидаги 6,3 тонна маҳсулотлари импортга расмийлаштирилган. 174 миллион АҚШ доллари қийматидаги 207 тонна пластмасса ва ундан тайёрланган буюмлар ҳамда нефть маҳсулотларининг экспорти ҳам амалга оширилган.

Божхона ходимларидан иборат ишчи гуруҳ Қонликўл туманидаги “Unipaper” МЧЖда бўлиб, корхонанинг қоғоз маҳсулотларини ишлаб чиқаришни ташкил этиш инвестиция лойиҳасини амалга ошириш жараёнлари билан танишди. Қиймати 700 минг АҚШ долларига баҳоланган лойиҳанинг амалга ошиши йилига 300 тонна қоғоз маҳсулотларини ишлаб чиқариш қувватига эга бўлиб, 30 нафар аҳоли иш билан банд бўлиши режалаштирилганди.

Лекин ишчи гуруҳ вакилларининг жойига чиққан ҳолда ўрганишлари натижасида унинг амалга оширилишида бир қатор муаммолар мавжудлиги сабабли хорижий инвестиция маблағлари умуман ўзлаштирилмаганлиги ва мазкур лойиҳа истиқболсиз эканлиги аниқланди. Ишчи гуруҳ вакиллари Қорақалпоғистон Республикаси Инвестиция, саноат ва савдо вазирлиги мутасаддилари билан учрашиб, шу ва бошқа лойиҳалардаги мавжуд муаммолар ечими юзасидан муҳокама ўтказди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири