Татаристон Республикаси раҳбари Рустам Минниханов бошчилигидаги делегация Қорақалпоғистон Республикасига ташриф буюрди.

Жорий йил 5 октябрда Президентимиз Шавкат Мирзиёев Россия Федерациясига расмий ташрифи давомида Қозон шаҳрида Татаристон Республикаси раҳбари Рустам Минниханов билан учрашиб, муҳим лойиҳалар бўйича ҳамкорлик қилишни “Йўл харита”сига биноан амалга оширишга келишиб олишган эди. Шу асосда Татаристон Республикаси делегацияси Нукус шаҳридаги бир қатор ишлаб чиқариш корхоналарида бўлиб, ўзаро ҳамкорлик бўйича мулоқотлар олиб борди.

Дастлаб меҳмонлар бир нечта турдаги маиший техникалар ишлаб чиқарилаётган Нукус шаҳридаги “Prime electric engineering” корхонасида бўлди. Татаристон Республикаси раҳбари бу ердаги иш жараёни, ишчилар учун яратилган шароитлар билан яқиндан танишди.

Кейинги манзил “Akfa assembly” пластик дераза ва ромлар ишлаб чиқарувчи корхона бўлди. Мазкур корхонада ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар хорижий мамлакатларга экспорт қилинаётгани билан аҳамиятли. Унинг ишга туширилиши натижасида 200 дан зиёд янги иш ўрни яратилди. Корхонада ишлаб чиқарилаётган эшик ва ромлар дизайни ва юқори даражадаги сифати билан ташриф буюрувчиларда қизиқиш уйғотди.

Шундан кейин меҳмонлар бўш турган эски ҳудудий пахта терминали билан агротехника корхонасини бориб кўрди. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси А.Оринбаев ва Татаристон Республикаси раҳбари Р.Минниханов янги корхоналарни ишга тушириш орқали ҳамкорликдаги лойиҳаларни амалга ошириш, янги маҳсулотлар экспортини йўлга қўйиш бўйича келишиб олди.

Шунингдек, меҳмонлар И.В.Савицкий номидаги Қорақалпоғистон давлат санъат музейида бўлди. ”Саҳродаги лувр”, “Шарқ гавҳари” номларини олган мазкур музейдаги дурдона асарлар бутун дунё эътиборини тортиб келмоқда. Татаристон Республикаси раҳбари музейда сақланаётган бебаҳо экспонатлар билан танишар экан, бу ерга сайёҳлар оқимини янада кучайтириш бўйича ҳамкорлик қилишга тайёр эканлигини билдирди.

Қорақалпоғистон Республикасида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар кўргазмасидан юқори технологиялар ёрдамида тайёрланаётган маҳсулотлар билан бир қаторда қўл меҳнати, халқ амалий санъати намуналари, юртимизда етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳам ўрин олган.

Меҳмонлар қорақалпоқ халқининг урф-одатлари билан қизиқди. Нукус шаҳрида ташкил қилинган қорақалпоқ миллий овулида қорақалпоқ халқининг миллий буюмлари, қўл меҳнати ҳунармандчилиги намуналари, маданияти билан танишди. Айниқса, миллий таомлар меҳмонларда ўзгача қизиқиш уйғотди.

Шу куни Қорақалпоғистон Республикаси ва Татаристон Республикаси ўртасида кўп томонлама ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича ўзаро мулоқот бўлиб ўтди. Жумладан, таълим, тўқимачилик саноати, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари айланмасини кучайтириш, савдо-иқтисодиёт, экспорт ва импорт соҳаларида узоқ муддатли ҳамкорлик юзасидан музокаралар олиб борилди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири