Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилаётган йиғилишда сут ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш масаласи ҳам кўриб чиқилди.

Сариёғ экспортига чекловни бекор қилиш, сут етиштирувчи ва қайта ишловчи корхоналарни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чораларини ишлаб чиқиш бўйича Ҳукуматга топшириқ берилди. 

Йирик чакана савдо тармоқларида сотилаётган қуруқ ва табиий сутдан ишлаб чиқарилган маҳсулотларни алоҳида белгилаш амалиётини жорий этиш, кўчма гўшт-сут шохобчаларини ташкил қилиш зарурлиги таъкидланди.

Йирик савдо тармоқларида маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга тенг шароит яратилмагани, улардан маҳсулот пулини олишдаги муаммолар, аҳолида маҳсулот сифати ва нарх-навоси бўйича шикоятлар кўплиги Рақобат қўмитаси фаолиятидаги жиддий камчиликлардан далолат экани таъкидланди.

Шу муносабат билан қўмита раиси Ш.Шорахметовнинг эгаллаб турган лавозимига лойиқлиги масаласини кўриб чиқиш топширилди.

ЎзА