БМТ Хавфсизлик кенгаши 9 ноябрь, пайшанба куни Яқин Шарқдаги можаро бўйича очиқ йиғилиш ўтказади. Бу ҳақда Дубай медиа марказида жойлашган “Ал-Арабия” янгиликлар канали мамлакатнинг БМТдаги доимий вакили Лана Заки Нусейбага таяниб маълум қилди.

Дипломат қўшимча қилишича, ноябрь ойида Кенгашга раислик қилаётган Хитой “Ушбу гуманитар фалокатни диққат марказида ушлаб туриш учун расмий ва норасмий йиғилишларни мунтазам ўтказиш ниятида”. Айни пайт БМТ ХК “ўнта” доимий бўлмаган аъзо томонидан тайёрланган Яқин Шарқ резолюцияси лойиҳаси бўйича маслаҳатлашув ўтказяпти, муҳокамаларда барча 15 аъзо давлат иштирок этмоқда.

Ўтган ой Кенгаш Фаластин – Исроил зиддияти бўйича тўртта резолюция лойиҳасининг бирортасини ҳам қабул қила олмади. Ҳозир номунтазам “ўнта” аъзо аввалги резолюция лойиҳаси қоидалари жамланган ҳужжатни ишлаб чиқмоқда.

БМТ ХК Россия, Буюк Британия, Хитой, АҚШ ва Франция вакилларидан иборат 5 доимий ва 10 нафар доимий бўлмаган аъзодан иборат. Номунтазам аъзолар Бош Ассамблея томонидан икки йил муддатга сайланади, улардан 5 нафари ҳар йили қайта сайланади. Кучли ўнликда ҳозир Албания, Бразилия, Габон, Гана, Мальта, Мозамбик, Бирлашган Араб Амирликлари, Швейцария, Эквадор ва Япония бор.

Душанба куни Хавфсизлик Кенгаши Хитой ва БАА ташаббуси билан Яқин Шарқдаги можаро бўйича – Ғазо сектори шимолидаги Жебалия фаластинлик қочқинлар лагерига ва “Аш-Шифо” марказий касалхонаси яқинида тез ёрдам машиналари карвонига уюштирилган ҳужум муносабати билан ёпиқ йиғилиш ўтказди.

Муҳаррама Пирматова, ЎзА