Туркиянинг икки минг йиллик тарихга эга шаҳарчаси – мамлакат жанубидаги Қайсарида истиқомат қилаётган фуқаронинг уйи остидан ноёб топилма чиқди. Мазкур тарихий объектни туристлар эътиборига тақдим этиш режалаштирилмоқда, деб хабар тарқатди “TRT Haber” телеканали.
– Қайсарида яшовчи Мустафо Ҳолижи ўғли беш йил олдин уйини таъмирлай бошлаган эди, – дейилади тарқатилган хабарда. – Уй тубидан 2 минг йиллик тарихга эга ер ости шаҳарчаси намунаси топилди.
Профессор Осмон Ўзсоя таъкидлашича, иншоот остида камида иккита бир-биридан алоҳида қатлам бор, биноларга чоҳ орқали ўтиш мумкин.
– Хусусий мулк бўлгани учун топилманинг айрим жойлари ёпиқ, – дейди тадқиқотчи. – Очиқ жойга қараб беҳо берилса, ер ости шаҳрининг узунлиги камида 150-200 метр. Аҳоли бу жойларни тарк этгандан кейин, иншоот омборхона, сомонхона вазифасини ўтаган. Кейинроқ юзада уй қурилган.
Ҳолижи ўғли таъкидлашича, уйи остида ер ости шаҳарчаси борлиги хаёлига ҳам келмаган.
– Бу ерга чироқсиз киришга қўрқар эдик, – сўзини давом эттиради соҳиб. – Жойни лой ва тупроқдан тозалаганимиздан кейин ер ости шаҳарчаси борлиги маълум бўлди. Ягона мақсадимиз – артефактни келгуси авлод учун қолдириш. Объектга сайёҳлар келишини хоҳлаймиз. Хуллас, уйимизнинг тарихи жуда қизиқ, жиддий тадқиқотга муҳтож.