Орамиздаги одамлар
Кегайлининг олис қишлоғи Дарвозақумда туғилган қорақалпоқ қизи Ҳурлиман вақти келиб Тўрткўлда, ички ишлар тизимида лейтенант бўлиб хизмат қиламан деб сира ҳам ўйламаганди.
У туғилганда онажониси Гулханой опа ва отаси Ботирбек оғалар яхши ниятлар ила исмини қорақалпоқнинг улуғ шоири Бердақ бобомизнинг қизлари номи ила Ҳурлиман деб аташни хуш кўришганди. Онаси ўқитувчи эмасми, келажакда қизининг ўқимишли, етук инсон бўлишини, тўғрироғи, шоира бўлишини орзу қилганди. Ҳурлиман эса болаликдан оғир-босиқ, жиддий қиз бўлиб ўсди. Бир куни Россия телевидениеси каналидан кўриб қолгани – милиционер қиз ҳақидаги кинофильм уни сеҳрлаб қўйди. Формаси ўзига ярашган, қатъиятли, кези келганда жасоратли қизнинг ҳаракатларига қойил қолди. Кўнглида қандайдир улуғ ниятлар уйғонди… Кечалари кўз олдига ўша қиз келаверар эди. Қандай ажойиб, қандай дадил қиз-а… Эҳ, Ҳурлиман, сен қайдаю у қайда! Сен бир овулнинг қизи бўлсанг…
Шунақа саволлар, хаёллар Ҳурлиманни тинч қўймасди. Ўзини тергаб, ўзини солиштириб, мен ҳам шундай бўлаолармиканман, деган ўй-хаёллар ёш ўқувчи қиз қалбини забт этиб, титратарди, орзулар қиларди…
“Ёшликда олинган илм-тошга ўйилган нақшдир”, дейишган. Қаҳрамонимиз ҳам мактабда яхши ўқиди. Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтининг педагогика-психология факультетида ўқиб юрган пайтларида ҳам болаликдаги ҳавас бир зум бўлсада, уни тарк этмади…
– Оллоҳ нимани қаттиқ истасанг, шунга қараб, сенга йўл очиб қўяркан,– дейди бугун Ҳурлиман. –Орзуларим, интилишим, ўқиб-ўрганишим мени ниятларимга етказди. Оллоҳимга беҳисоб шукрлар бўлсинки, мени тушунгувчи, қўллаб-қувватловчи турмуш ўртоғим, Нукус давлат педагогика институти ўқитувчиси, юрист, педагог-психолог Хурсанд Хўжаев, Фирдавсжон исмли ўғлим, яхши ишим, ўзим севган касбим бор.
Ҳурлиман Нукусда олий таълим олди, Амударёнинг Манғит шаҳридаги ўзбек оиласига келин бўлди, бугун эса Тўрткўл Ички ишлар бўлимида севган ишида меҳнат қилмоқда. Лейтенант, вояга етмаганлар масалалари бўйича испектор-психолог.
– Биласиз, ўсмирлик – инсон ҳаётининг энг қайноқ, жўшқин даври. Ёшлар бу пайтда билиб-билмасдан хатоликка йўл қўйиши мумкин. Гоҳида ҳиссиётларини жиловлай олмай, баъзан шўхлик, қизиққонлик юзасидан бир ишларни қилиб қўяди, – дейди Ҳурлиман. – Бу амалга оширган иши айб ёки жиноят эканлигини кеч билишади. Натижада фарзандининг беодоблигидан боши эгилган ота-оналарни айтмайсизми?! Касбимиз фақат назорат қилишни эмас, керак бўлса, болага энг зарур психологик ёрдамларни ҳам беришни тақозо этади. Бола тарбия топган муҳит бирламчи бўлиб, у келажакда оилада олган нарсаларини намоён этади. Инспектор психологларимиз тўғри ёндашиб, ҳар бир болани асраб қолишга, меҳрли бўлиб, Ватанга муҳаббат руҳида тарбиялаб, вояга етишига кўмаклашишимиз керак.
Дарвоқе, Ҳурлиман Пирниёзова кундалик иш жараёнида яхши, қувончли воқеалар қаторида хунук, кўнгилни ранжитадиган ҳодисаларга ҳам дуч келади. Уруш-жанжалларни кўриб, баъзида боши қотган кунлари, нега шундай оғир касбни танладим-а, деб ўйланиб ҳам қолади… Лекин қатъий ҳаракатлари, елиб-югуришлари ижобий якун топган кунлари яна ўзига тасалли беради…
Амударёда қайнонаси Тозагул опа Матниёзова, қайнотаси Гулмирза ота Хўжаевлар «Мелиса келинимиз!» деб ардоқлашади.
Ҳамкасблари Ҳурлиманнинг ишчан, фаоллигини алоҳида таъкидлашади.
– Бўлимимизда уч қиз меҳнат қилади. Ойзодахон қизимиз ғоятда билимли, Сурайёхон ҳам ўзига яраша ширинсўз, ғайратли қиз. Ҳурлиман ёшлар билан ишлашда ўзига хос тажрибали. Учаласи ҳам мақтовга лойиқ қизларимиз, – дейди Тўрткўл туман Ички ишлар бўлими бошлиғи, полковник Мақсуд Шеримбетов.
Мана шундай ўқимишли, ҳам оилани, ҳам давлатнинг ишини уддалаб келаётган келинларимиз ибрат ва ҳавасга арзигуликдир.
Тўрткўл тумани Ички ишлар бўлими бошлиғи ўринбосари, подполковник Жалоладдин Мамбетов ”Ҳурлиман Пирниёязова тиришқоқ, ўз ишига масъулиятли ички ишлар ходимларимиздан бири” дея ўзининг холис, илиқ ва самимий фикрларини билдирди.
Яқинда Ички ишлар ҳодимлари касб байрами кунида Ҳурлиман билан танишиб, суҳбатлашиб, Тўрткўлимизда шундай мелиса келинимиз борлигидан фахрландим.Илоҳим, ички ишлар тизимида ишлаётган Ҳурлимандек меҳнаткаш, фидойи барча аёлларимиз, сингил ва келинларимиз Ватанимиз бахтига омон бўлсин.
Шириной Раззоқова,
Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист.
ЎзА