Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги божхона қўмитасининг халқаро ҳамкорлик бошқармаси бошлиғи Р.Акрамов раҳбарлигида мутахассислар Қорақалпоғистонда инвестиция лойиҳаларининг амалга ошириш жараёнлари билан танишди.

Сайёр ўрганиш ишлари Хўжайли туманидаги “MIDASIATEX CLUSTER” масъулияти чекланган жамиятдан бошланди. Трикотаж маҳсулотларини ишлаб чиқариш лойиҳаси учун ушбу тадбиркорлик субъектига 2,2 миллион АҚШ доллари қийматидаги хорижий инвестиция ажратилган бўлиб, ҳозирда 1,2 миллион АҚШ доллар инвестиция маблағлари ўзлаштирилган.

Жорий йил охиригача ишга туширилиши кўзда тутилаётган мазкур лойиҳа яна 70 нафар маҳаллий аҳолини иш билан таъминлашига имкон яратади.

Кейинги манзил “ФУБО НУКУС” масъулияти чекланган жамият бўлди. Бу ерда тиббиёт ва косметологияда кенг фойдаланиладиган қизилмия экстракти ишлаб чиқарилиб экспортга йўналтирилди. 100 минг АҚШ доллари қийматидаги хорижий инвестиция ўзлаштирилиши белгиланган мазкур лойиҳа ишга тушиши билан яна 5 та янги иш ўрни яратилади.

Ишлов берилган қизилмия илдизидан чиққан чиқиндилардан  ёқилғи гранулаларини (пеллет) ишлаб чиқариш лойиҳасини илгари сураётган “FARMERGY” масъулияти чекланган жамият фаолияти ўрганилганида, ажратилиши белгиланган 600 минг АҚШ доллари қийматидаги хорижий инвестициянинг шу кунга қадар 66 фоизи ўзлаштирилиб, лойиҳа истиқболли равишда амалга оширилаётганлиги маълум бўлди. Мазкур лойиҳа тўлиқ ишга тушгач 12 та янги иш ўрни яратилади.

Мамлакатимизда ишлаб чиқариш тармоқларига хорижий инвестицияларни кенг жалб қилиш орқали янги иш ўринларини яратиш, ялпи ички маҳсулот ҳажмини оширишга эришиш доирасида инвестиция лойиҳаларига ҳар томонлама кўмаклашиш ишлари ҳудудларда тизимли асосда давом этмоқда.

 

Довуд АБИБУЛЛАЕВ,  

ЎзА мухбири.