Қарор ва ижро
Мамлакатимизда йўл хўжалигини бошқаришнинг замонавий тизимини яратиш ва рақамлаштириш, соҳада сифат назоратини кучайтириш ва манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш, хусусий сектор корхоналарини кенг жалб қилиш учун шароит яратиш ҳамда бюджет маблағларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишда давлатимиз раҳбарининг жорий йил 10 октябрдаги “Йўл хўжалиги соҳасини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ушбу қарор билан йўл хўжалиги тизимини янада такомиллаштириш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланди. Унга мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикасида бир қатор ишларни амалга ошириш режалаштирилган. Жумладан, Осиё инфратузилма инвестициялари банкидан жалб қилинадиган имтиёзли кредит маблағлари ҳисобидан 14 та туманда умумий фойдаланишдаги 414,1 километрлик автомобиль йўлида “лойиҳалаш–қуриш –эксплуатация қилиш” услубини жорий қилган ҳолда 28 та пилот лойиҳа амалга оширилади.
Шунингдек, А380 «Ғузор–Бухоро–Нукус–Бейнеу» автомобиль йўлининг 964–1204 км (240 км) қисмини цемент-бетон қоплама билан реконструкция қилиш, 581–673 км (92 км) қисмини цемент-бетон қоплама билан реконструкция қилиш (Тўрткўл ва Беруний туманларини айланиб ўтиш), 2024 – 2027 йилларда Осиё тараққиёт банкининг кредит маблағи ҳисобидан мазкур автомобиль йўлининг 673 – 698 км (25 км) қисмини реконструкция қилиш, 2025 – 2029 йилларда 581–673 км (92 км) қисмини реконструкция қилиш, 2024 – 2026 йилларда “Цемент-бетон қопламали маҳаллий ва ички йўлларни қуриш”, 2024 – 2028 йилларда Осиё инфратузилма инвестициялари банки кредити ҳисобидан “Қорақалпоғистон Республикасидаги маҳаллий аҳамиятга эга умумий фойдаланувдаги автомобиль йўлларини таъмирлаш” лойиҳалари бажарилади.
Оролбўйи ҳудудида йўлларнинг тез бузилишига асосий сабаблардан бири бу оғир юкли автомобиллар қатновининг кўплиги ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан 2023-2026 йилларда Қорақалпоғистон Республикасида 5 триллион 747 миллиард сўмлик 4 минг 881,9 километр автомобиль йўлларини қуриш ва таъмирлаш параметрлари белгиланди.
–Қорақалпоғистон Республикаси бўйича жами 12 минг 381,5 километр автомобиль йўллари бўлиб, шундан ички хўжалик йўллари 8 минг 127,5 километрни ташкил этади,–дейди Қорақалпоғистон Республикаси Автомобиль йўлларидан фойдаланиш бош бошқарамаси директори Шавкат Даулетяров.–Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари 4 минг 254 километр, давлат аҳамиятидаги йўллар 986 километр, маҳаллий аҳамиятдаги йўллар 2604 километр ва халқаро аҳамиятдаги йўллар 664 километрдан иборат. Бошқарма ва унинг тизимидаги корхоналар томонидан жорий йилнинг ўтган ойлари мобайнида муайян ишлар амалга оширилмоқда.
Жорий йилда марказлашган манбалар ҳисобидан 795,1 километр автомобиль йўлларида 500,3 миллиард сўмлик таъмирлаш ишларини олиб бориш белгиланган. Шундан бугунги кунга умумий фойдаланишдаги 149,6 километр йўлда таъмирлаш ишлари бажарилди.Шунингдек, инвестиция дастури доирасида 8,5 километр, маҳаллаларда биринчи навбатда амалга оширилиши зарур бўлган ишларга ажратилган маблағлар ҳисобидан 51,4 километр йўл таъмирланиб, тўла таъмирлаш ишлари дастури бўйича 9,3 миллиард сўмлик иш ҳажми бажарилди.
Бундан ташқари, ички автомобиль йўлларида давлат дастурлари доирасида 484,9 километр йўл таъмирланди. Шу жумладан, маҳаллалар инфратузилмасини ривожлантириш дастури бўйича 445,9 километр, маҳаллаларда биринчи навбатда бажарилиши лозим бўлган ишлар бўйича 29,1 километр йўлларда таъмирлаш ишлари олиб борилиб, “Ташаббусли бюджет” дастури бўйича 3,6 миллиард сўмлик иш бажарилди. Бундан ташқари, яратиб берилган имкониятлар натижасида автомобиль йўлларини таъмирлаш бўйича “Менинг йўлим” дастури доирасида “Ташаббусли бюджет” платформаси орқали фуқароларнинг ташаббуслари билан ғолиб бўлган ички йўлларни таъмирлаш бўйича 54 та лойиҳа амалга оширилмоқда.
Бугунги кунда ҳудуддаги 2 минг 792 километр умумий фойдаланишдаги, 4 минг 591,5 километр ички хўжалик, жами 7 минг 383,7 километр йўл таъмирга муҳтож ҳисобланади. Бугунги кунда ҳудудларнинг ижтимоий ҳамда ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш, айниқса, чекка маҳаллаларда “Ташаббусли бюджет” ҳамда “Менинг йўлим” дастурлари доирасида бир қатор амалий чора-тадбирлар олиб борилмоқда. Ушбу ишларга шаҳар ва туманлардаги 1 минг 377 нафар ходим, 368 дона техника жалб қилинган.
Йўлларни сифатли этиб фойдаланишга топшириш ва хизмат кўрсатиш муддатини узайтириш учун йўл хўжалиги соҳасининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш талаб қилинади. Сўнгги уч йил мобайнида Қорақалпоғистон Республикаси учун жами 26 дона янги техника харид қилинди. Айни пайтда 117 дона техника носоз, 90 дона техника яроқсиз ҳолатга келиб қолган.
Давлатимиз раҳбарининг юқорида қайд этилган қарори мазкур муаммоларни бартараф қилиш, янги йўллар барпо этиш ҳамда йўлларни жорий ва капитал таъмирлашга хизмат қилади.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири