Қорақалпоғистон  Республикаси Вазирлар Кенгаши томонидан Ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси билан ҳамкорликда ҳар ҳафтанинг пайшанба куни оммавий ахборот воситалари  вакиллари ҳамда блогерлар учун матбуот анжумани ташкил этиш йўлга қўйилди.

Қорақалпоғистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар бошқармаси  раҳбарияти ва мутахассислари иштирокида дастлабки анжуман бўлиб ўтди.

Юртимизда куз-қиш мавсумининг бошланиши билан ташкилот, корхона ва аҳоли хонадонларининг иситишга бўлган талаб ортиб боради. Шунинг учун ҳам мавсумда айрим фуқароларнинг иситиш ускуналаридан нотўғри фойдаланиши оқибатида  турар жойларда ёнғинлар сони ортади.

Таҳлилларга кўра, республикада содир бўлаётган ёнғинларнинг 90 фоизи аҳоли хонадонларида юз бермоқда. Фуқароларнинг иситиш мосламаларидан нотўғри фойдаланиши, хавфсизлик қоидаларига амал қилмаслиги оқибатида кўнгилсиз воқеалар содир бўлиши кузатилган.

Куз-қиш мавсумида кўпчилик аҳоли хонадонларида қўлбола иситиш жиҳозларидан фойдаланиш натижасида ис  газидан заҳарланиш ҳолатлари ҳам учраб туради. Шунингдек, газ тармоқларига резина шланг орқали уланиш, дудбўронларни ўз вақтида тозаламаслик, уй ичини иситиш мақсадида очиқ оловдан фойдаланиш ҳам заҳарланишга олиб келиш сир эмас.

Тадбирда бошқарма томонидан ижтимоий соҳа объектларида, аҳоли хонадонларида бахтсиз ҳодиса ҳамда фавқулодда ҳолатларнинг олдини олиш борасида куч ва воситаларни жалб қилган ҳолда ўтказилган амалий машғулотлар, тарғибот-ташвиқот ишлари тўғрисида батафсил  маълумот берилди.  Жумладан, шаҳар ва туманлардаги ходимлар томонидан аҳоли ўртасида ва меҳнат жамоаларида 7500 га яқин учрашув ҳамда суҳбатлар ўтказилди. Уларда хавфсизлик қоидалари бўйича  80 мингдан зиёд эслатма, буклет ва бошқа турдаги кўргазмали ташвиқот материали тарқатилди. Таълим муассасаларида 181 та амалий ўқув-машғулоти ўтказилиб, уларга 4,5 минг нафардан зиёд ўқувчи ҳамда талаба жалб қилинди. Оммавий ахборот воситаларида 7 мингга яқин материал чоп этилди.

Матбуот анжумани якунида оммавий ахборот воситалари  вакиллари ҳамда блогерлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА мухбирлари