Таниқли давлат ва жамоат арбоби, Ўзбекистон Қаҳрамони Муса Ерниязовнинг ҳаёти ва фидокорона хизматига бағишланган ёзувчи Муратбой Низановнинг “Муса Ерниязов” номли китоби Нукус шаҳридаги “Етти иқлим” нашриётида чоп этилди.

Ҳужжатли-библиографик йўналишдаги ушбу китобдан М.Ерниязовнинг болалик ва ёшлик йиллари тўғрисида қизиқарли маълумотлар ўрин олган. Юксалиш йўлидаги синовли, масъулиятли босқичлардан матонат билан ўтганлиги, бошқалардан ажралиб турадиган инсоний фазилатлари тўғрисида сўз юритилади.

Китобхонлар М.Ерниязовнинг 18 йил давомида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси вазифасидаги, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг ўринбосари сифатидаги самарали фаолияти билан яқиндан танишади. Ушбу йиллар давомида Қорақалпоғистоннинг иқтисодий салоҳиятини ошириш, шаҳар ва овулларни обод қилиш, аҳоли турмушини яхшилаш йўлидаги улкан раҳбарлик қобилияти, инсоний фазилатлари билан ҳурмат қозонгани ҳақидаги лавҳалар китобхонга янгилик бўлса ажаб эмас.

Бундан ташқари, қаҳрамоннинг замондошлари, яқинлари ва оила аъзоларининг хотиралари китобнинг мазмунини янада бойитишга хизмат қилган.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири