Президентимизнинг 2021 йил 28 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси ва Корея Республикаси ўртасидаги алоҳида стратегик шериклик муносабатларини янада чуқурлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан амалий ҳаракатлар режалари тасдиқланган.

Олий Мажлис Сенатининг Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси билан ҳамкорлик бўйича комиссиясининг навбатдаги мажлисида Корея Республикаси билан олий даражада эришилган келишувлар ижросини таъминлашга қаратилган “йўл харита”лари ижроси муҳокама қилинди.

Сенат Раиси, комиссия раиси Т.Норбоева бошқарган мажлисда Корея Республикаси билан олий даражада эришилган аниқ келишувлар доирасида қатор ишлар амалга оширилгани қайд этилди.

Жорий йилда Жиззах вилоятида 7 миллион долларлик “Оптик тола ишлаб чиқаришни кенгайтириш” лойиҳаси ишга туширилди. Натижада йилига 85 минг километрлик оптик толали кабель маҳсулотларини ишлаб чиқариш имконияти яратилди.

Фарғона вилоятида эса 7 миллион долларлик “Касбий таълим маркази” тўлиқ ишга туширилди. Манзилли рўйхат асосида 223 нафар ишсиз бўлган шахслар, асосан ёшлар ва хотин-қизлар ўқитилмоқда. Худди шу каби лойиҳа Хоразм вилоятида ҳам бошланган.

Корея Республикаси ҳукумати томонидан “Ҳудудий тиббиёт муассасаларини тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш” лойиҳасига 74 миллион доллар ажратилиши маъқулланди. Лойиҳа доирасида 35 турдаги жами 8 минг 455 тиббий жиҳоз Корея Республикасидан келтирилиши режалаштирилмоқда.

Қолаверса, Орол денгизи инқирози оқибатларини бартараф этиш бўйича Қорақалпоғистон Республикасида 5,6 миллион долларлик “Яшил тикланиш” инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда. Яшил ўсиш глобал институтининг (Корея) Ўзбекистондаги ваколатхонаси очилди. Институт Оролбўйи минтақасининг яшил тикланишини молиялаштириш ишларини бошлади.

Умуман олганда, Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик барқарор ривожланиб бормоқда.

Тадбир давомида “йўл хариталари”даги кечикиш билан бажарилаётган айрим вазифаларга эътибор қаратилди ва сабаблари таҳлил қилинди. Хусусан, “йўл хариталари” ижросига масъулиятсизлик билан ёндашган вазирлик ва идоралар раҳбарларининг масъулиятини ошириш, белгиланган вазифаларни ўз вақтида ва сифатли таъминлаш, йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш юзасидан аниқ таклифлар берилди ва муддатлар белгиланди.

Н.Абдураимова, ЎзА