Қорақалпоғистон Республикаси Чимбой тумани “Шахтемир” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида Ёшлар маркази биноси фойдаланишга топширилди. Туманда жами 114 минг 344 нафар аҳоли бўлиб, шундан 59 минг 241 нафарини ёшлар ташкил этади. Мазкур марказни бунёд этишга 2,3 миллиард сўмдан зиёд маблағ сарфланди. Марказда ёшлар учун турли тўгараклар фаолият юритади. Шунингдек, кутубхона ва компьютер хонаси, 72 ўринли мажлислар зали замонавий жиҳозлар билан таъминланган.

Марказ биносининг очилиш маросимида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси A.Оринбаев иштирок этди.

* * *  

Ўзбекистон Республикаси Олий суди ташкил этилганлигининг 100 йиллигига бағишлаб Қорақалпоғистон Республикаси суди, шаҳар, туман, туманлараро судлари, Маъмурий суд судьялари ва ходимлари ўртасида стол тенниси бўйича мусобақа бўлиб ўтди. Муросасиз ўтган баҳсларда Қорақалпоғистон Республикаси суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати судьяси У.Сабиров биринчи, жиноят ишлари бўйича Хўжайли туман судининг архивариуси К.Жумамуратов иккинчи, жиноят ишлари бўйича Нукус шаҳар судининг девонхона мудири М.Хожамбергенов учинчи ўринни эгаллади.

 

Ғолиблар Қорақалпоғистон Республикаси суди, Қорақалпоғистон Республикаси судлари касаба уюшмаси томонидан диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.

* * *  

Мамлакатимиз бўйлаб давом этаётган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасига спортчилар ва уларнинг мураббийлари ҳам ўз ҳиссасини қўшмоқда.

Нукус Олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида “Спортчилар боғи” барпо этилди.

– Биз таълим олган йилларда ўқув юрти атрофи кўкаламзор эмасди, – дейди Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида ўтган ХIХ ёзги Осиё ўйинлари олтин медали соҳиби Жалгасбай Бердимуратов. – Янгидан барпо этилаётган “Спортчилар боғи” ёшларимизни янги марраларга чорлайди.

Тадбирда иштирок этган спортчилар яхши ниятлар билан кўчатлар ўтқазди.

Довуд Абибуллаев,

ЎзА мухбири