ФОТОРЕПОРТАЖ
Нукус шаҳридаги 1-касб-ҳунар мактабида автомобиль двигателларини ташхислаш ва таъмирлаш, оқава сув ва сув таъминоти тизимларидан фойдаланиш ҳамда монтаж қилиш устаси, лаборант аналитик, тикувчи, пайвандловчи, компьютер графикаси ва дизайн оператори, ўт ўчирувчи каби 10 та мутахассислик бўйича 947 нафар ўқувчи таълим олмоқда.
Касб-ҳунар мактабида ўқувчи-ёшларнинг сифатли билим олиши ва маҳорат ошириши учун барча шароит яратилган. Фан ва лаборатория хоналари, замонавий спорт зали, ахборот-ресурс маркази, амалиёт устахоналари, автомобилларни бошқариш майдончаси ёшлар ихтиёрида. Бундан ташқари туман ва чекка қишлоқлардан келиб билим олаётган ўқувчилар учун 100 ўринли ётоқхона ташкил этилган.
Мактаб ўқувчилари республика миқёсида ўтказилаётган турли кўрик-танлов ва спорт мусобақаларида муваффақиятли иштирок этиб келмоқда. Хусусан, мактаб ўқувчиларидан таркиб топган жамоа жорий йил ўтказилган “Ёш қутқарувчи” мусобақасининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичида ғолиб бўлди.
Ўтган 2022/2023 ўқув йилида касб-ҳунар мактабини 419 нафар ўқувчи битирди. Шундан 270 нафарга яқин битирувчининг иш билан бандлиги таъминланди. 100 нафарга яқини олий таълим муассасалари талабаси бўлди.
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ(сурат),ЎзА