Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиалида Қорақалпоғистон Республикаси туманларидаги фермер хўжаликларида фаолият юритаётган, ветеринар дипломига эга бўлмаган, лекин амалий тажрибага эга ходимлар учун ўқув-семинар ташкил этилди.

Мамлакатимизда сўнгги йилларда ветеринария ва чорвачилик соҳаси ҳамда унинг тармоқларини жадал ривожлантириш, йирик лойиҳаларни амалга ошириш, соҳада фаолият олиб бораётган мутахассисларнинг билимини янада мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилиб, соҳанинг изчил ривожланишига замин яратилмоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси билан ҳамкорликда ташкил этилган мазкур ўқув-семинарга 100 нафардан зиёд тингловчи жалб қилинди. Ўқув-семинарнинг илк кунида “Республикадаги чорвачилик соҳасидаги долзарб масалалар”, “Чорва молларини озиқлантириш технологиялари” каби мавзуларда маърузалар тингланди.

Бир ҳафта давом этадиган ўқув-семинардан кўзланган асосий мақсад туманлардаги фермер хўжаликларида фаолият юритаётган ва мутахассислиги бўйича дипломга эга бўлмаган, лекин амалий тажрибага эга бўлган ходимларнинг назарий билимларини мустаҳкамлаш ва уларнинг амалий кўникмаларини янада бойитишдан иборатдир.

 

Довуд Абибуллаев,  

ЎзА мухбири