Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига сайлов ва референдум ўтказиш тартибини янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Конституциявий қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.

Мазкур қонун лойиҳаси бўйича маърузачи депутат Жаҳонгир Ширинов ушбу қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш давомида амалга оширилган ишлар юзасидан маълумот берди:

– Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини аралаш сайлов тизими (мажоритар ва пропорционал) асосида ўтказиш, сайлов органларининг марказлашган тизимини шакллантириш, сайлов комиссиялари тизимини мақбуллаштириш, Марказий сайлов комиссияси фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган Конституциявий қонун лойиҳаси ўтган икки ялпи мажлисда кенг муҳокамаларга сабаб бўлди, ундаги ҳар бир норма атрофлича муҳокама қилинди. Бундан ташқари, қўмита йиғилишларида илгари сурилган бир қанча таклифлардан қонун лойиҳасини такомилига етказишда фойдаланилди. Шунингдек, қонун лойиҳасида айрим бўшлиқлар аниқланиб, уларни ҳуқуқий жиҳатдан тўлдиришга қаратилган қоидалар киритилди. Жумладан, қонун лойиҳасининг концепциясида сайловларни профессионал тарзда ташкил этиш ва ўтказишга қодир бўлган сайлов органларининг вертикал тизимини тузиш таклиф этилган. Шу боис, лойиҳа билан эндиликда барча даражадаги сайлов комиссияларининг ваколатлари Сайлов кодексида аниқ очиб берилмоқда. Бироқ, Кодексда белгилаб бўлмайдиган ташкилий-техник масалалар, аниқроғи сайлов комиссияларида иш юритиш тартиби ким томонидан белгиланиши очиқ қолиб кетган эди. Шундан келиб чиқиб, Сайлов кодексининг 26-моддаси учинчи қисм билан тўлдирилиб, унда “ҳудудий, туман, шаҳар, округ ва участка сайлов комиссияларида иш юритиш тартиби Марказий сайлов комиссияси томонидан белгиланиши” аниқ кўрсатиб ўтилди. Бундан ташқари, лойиҳадан айрим бир-бирини такрорлаётган қоидалар чиқариб ташланди.

Моддама-модда муҳокамаларда депутатлар яна бир қатор аниқлаштирувчи саволларни, таҳририй тузатишлар бўйича таклифларни билдирдилар.

Мажлисда Конституциявий қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди.

 

Муҳтарама Комилова, ЎзА