Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси ўз ишини бошлади. Унда дастлаб “Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди.

— Мамлакатимизда жамиятда аёлларнинг ижтимоий мақомини кучайтириш, хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда, — деди депутат Гулбаҳор Саидғаниева. — Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясида хотин-қизлар ва эркакларнинг тенглигини таъминлашнинг янги механизмларини назарда тутувчи конституциявий асослар мустаҳкамланди. Хотин-қизларнинг жамият ҳамда давлат ишларини бошқаришдаги ўрни ва ролини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексида аёлларнинг сони сиёсий партиядан кўрсатилган депутатликка номзодлар умумий сонининг камида ўттиз фоизини ташкил этиши кераклиги белгиланган. Ҳозирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг 32 фоизи, Сенат аъзолари ва маҳаллий Кенгаш депутатларининг 25 фоизи хотин-қизлардан иборат. Бу 2014 йилдаги парламент сайловидаги кўрсаткичдан икки баравар кўп деганидир. Бундан ташқари, турли соҳаларда хотин-қизларнинг улуши ошиб бормоқда. Масалан, тиббиётда 77 фоиз, таълимда 74, иқтисодиёт ва саноатда 46 фоиз, тадбиркорликда эса 40 фоизни хотин-қизлар ташкил этади.

Мазкур қонун лойиҳаси билан Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 70 ва 91-моддаларига сиёсий партиялар томонидан депутатликка номзодлар кўрсатилаётганда аёллар сонининг энг кам миқдорини номзодлар умумий сонининг ўттиз фоизидан қирқ фоизга оширишни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритиш таклиф этилмоқда.

Лойиҳани тайёрлашда хорижий тажриба ҳам ўрганилди. Бу борадаги кўрсаткичлар хорижий давлатларда турлича шаклланган. Хусусан, Европа давлатларида 40-50 фоиз, МДҲ давлатларида 25-30 фоиз атрофида белгиланган. Россия, Беларусь ва Тожикистонда эса аёллар учун квоталар назарда тутилмаган. Арманистонда 25 фоиз, Қозоғистонда аёллар билан биргаликда ёшлар ва ногиронлар 30 фоиз, Қирғизистонда эса номзодларнинг кўпи билан 70 фоизи бир жинс вакили бўлиши мумкинлиги кўзда тутилган.

Муҳокамаларда сўз олган депутатлар ушбу қонун лойиҳасининг аҳамияти муҳимлигини, аёлларнинг жамият ҳамда давлат ишларини бошқаришдаги ролини кучайтиришга, сиёсий фаоллигини оширишга хизмат қилишини алоҳида таъкидлади.

Шунингдек, юртимиз гендер тенглик бўйича халқаро рейтингларда юқори поғоналарга кўтарилаётгани эътироф этилди. Жумладан, Парламентлараро иттифоқнинг 2023 йил 1 январдаги маълумотларида сиёсатдаги аёллар рейтинги бўйича 190 мамлакат ичида Ўзбекистон 50- ўринда қайд этилган.

Фикр-мулоҳазалардан сўнг қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда ҳам кўриб чиқилиб, қабул қилинди.

 

Муҳтарама Комилова,  

ЎзА