Бугунги кунда глобаллашган дунёда истеъмол ва моддий товарларни энг кўп ишлаб чиқарувчи Хитой бўлса, ушбу маҳсулотларнинг асосий истеъмолчиси Европа мамлакатларидир. Хитойнинг Осиё ва Европа билан савдо айланмаси миқдори йил сайин ортмоқда. Боз устига Хитой дипломатияни фаоллаштириб, глобал лидерлик учун АҚШ билан беллашиш даражасига етди.
“Бир макон, бир йўл” Хитой Халқ Республикасининг энг глобал иқтисодий лойиҳаси бўлиб, 2013 йилҳукумат томонидан 150 га яқин давлат идораси ва халқаро ташкилотга сармоя киритиш учун қабул қилинган глобал инфратузилмани ривожлантириш стратегиясидир. Ушбу ташаббус 2013 йил 7 сентябрь куни Хитой Коммунистик партияси Марказий қўмитаси Бош котиби Си Цзиньпин томонидан Қозоғистонга ташриф чоғида илгари сурилди ва “Ипак йўли иқтисодий макони” деб эълон қилинди.
“Макон” – “Ипак йўли иқтисодий макони”нинг қисқартмаси бўлиб, Ғарбий минтақаларнинг машҳур тарихий савдо йўллари бўйлаб денгизга чиқмайдиган Марказий Осиё орқали автомобил ва темир йўл орқали ташиш учун тавсия этилган қуруқлик йўналишларини назарда тутади. “Йўл” эса “ХХI аср денгиз ипак йўли”нинг қисқартмаси бўлиб, Жануби-шарқий Осиё орқали Жанубий Осиё, Яқин Шарқ ва Африкага олиб борадиган Ҳинд – Тинч океани денгиз йўлини назарда тутади. 2023 йил сентябрь ҳолатига кўра “Бир макон, бир йўл” 154 аъзо билан БМТга аъзо 193 давлатнинг 80 фоизини бирлаштирган.
Ташаббус 2018 йил Хитой Конституциясига муҳрланди. Си Цзиньпин маъмурияти ташаббусни “минтақавий алоқани кучайтириш ва порлоқ келажакка интилиш” деб атади. Лойиҳа 2049 йил якунланиши мақсад қилинган бўлиб, ХХР ташкил топганининг 100 йиллигини муносиб кутиб олишга мўлжалланган.
Жаҳон банки томонидан ўтказилган кўплаб тадқиқотлар шуни кўрсатдики, “Бир макон, бир йўл” ташаббусининг 149 иштирокчи давлатдаги савдо оқими 4,1 фоиз ошиши глобал савдо харажатини 1,1-2,2 фоиз қисқартириши, Шарқий Осиё ва Тинч океани минтақасидаги ривожланаётган мамлакатлар ялпи ички маҳсулоти миқдорини 2,6-3,9 фоизгача юксалтириши мумкин.
Халқаро ҳамжамият томонидан самимий қабул қилинишининг сабаби шундаки, “Бир макон, бир йўл” ташаббуси глобал бошқарув тизими ислоҳотини такомиллаштириш бўйича доимий равишда янги ғоя ва ечим таклиф этиш, лойиҳаларда фаол иштирок этиш бўйича халқаро ҳамкорлик учун самарали платформа яратди.
Сўнгги 10 йил ичида “Бир макон, бир йўл”ни биргаликда шакллантириш йўлидаги ҳатти-ҳаракатлар лойиҳа доирасини кенгайтирмоқда. Ташаббус доирасида ташкил этиладиган транспорт йўлаги Австралия ва Индонезияни, Осиё мамлакатларини Европа, Африка ва Лотин Америкаси орқали АҚШ билан боғлайди. Ҳисоб-китобга қараганда, Янги Ипак йўли сайёрамиз аҳолисининг ярмидан кўпини, тўғрироғи 4,4 миллиард киши истиқомат қиладиган мамлакатларни қамраб олади.
Янги Ипак йўлининг қуруқликдаги қисмида учта темир йўл тизими барпо этилади. Шимолий йўлак Россия ҳудудидан ўтади. Марказий ва жанубий йўлак эса Марказий ва Ўрта Осиё мамлакатлари орқали ётқизилиши режалаштирилган. Кейинчалик темир йўл йўлагига автомобил йўллари ҳам қўшилади. Янги Ипак йўлининг Марказий Осиёдан ўтадиган асосий йўналиши узунлиги 6 500 километрни ташкил қилиб, тўрт минг километри Хитойнинг Тинч океани соҳилидан Шинжон-Уйғур мухтор ўлкасигача чўзилади. Кейин Қозоғистон, Ўзбекистон, Туркманистон орқали Эрон, Ироқ, Сурия ва Туркияга боради. У ёғи Европага бир қадам.
Денгиз йўли худди қадимги савдо йўли сингари Гуанжоудан бошланади ва Вьетнам, Таиланд, Малайзия, Сингапур, Индонезия орқали Қизил денгизга чиқиб, Африкага етади. Янги транспорт йўлаги Хитойдан ортилган юкни қисқа муддатда Европага етказиш мақсадини кўзлаган.
“Бир макон, бир йўл” ташаббусига ўн йил тўлди. Шу муносабат билан, Хитой Халқ Республикаси раиси Си Цзиньпин таклифига биноан, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев амалий ташриф билан Пекин шаҳрида бўлди.
Ташриф доирасида 17-18 октябрь кунлари давлатимиз раҳбари ХХР раиси Си Цзиньпин ва Халқ сиёсий маслаҳат кенгаши раиси Ван Хунин билан музокара, қатор икки томонлама учрашувлар ўтказди. Форумнинг очилишида иштирок этиб, ялпи сессияда нутқ сўзлади.
Давлатлар раҳбарлари стратегик шериклик муносабатини янада мустаҳкамлаш масаласини муҳокама қилди. Президентимиз “Макон ва йўл” ташаббуси қисқа тарихий давр ичида умумий тараққиёт ва равнаққа эришиш йўлидаги ҳамкорлик учун муҳим, инклюзив ва очиқ платформага айланганини таъкидлади. Хитойнинг камбағалликка қарши курашиш тажрибасини ўрганиш ва жорий этиш борасида самарали тажриба алмашиш, амалий ҳамкорлик қилишга алоҳида эътибор қаратилди.
Ўзбекистон етакчисининг Тошкентда Синхуа ва Пекин университетлари филиалини очиш таклифи мамлакатимизда таълим сифатини халқаро стандарт асосида ташкил қилишга қаратилган саъй-ҳаракатнинг амалий натижасидир.
Шунингдек, учрашувда “Ягона Хитой” сиёсати ҳамда “уч ёвуз куч”га қарши курашиш борасидаги позиция ўзгармас экани тасдиқланди.
Терроризм, экстремизм, сепаратизмга қарши биргаликда курашиш минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлашга, ушбу иллатларнинг “Макон ва йўл” ташаббускор давлатларида тарқалишининг олдини олишга қаратилган позиция ҳисобланади. Табиийки, кўтарилган масалалар ва таклифлар амалий саъй-ҳаракатни талаб этади. Шу боис томонлар ташаббусларни амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”ни қабул қилишга келишиб олди.
Умуман, “Макон ва йўл” лойиҳасида Ўзбекистоннинг иштироки мамлакатимиз иқтисодий салоҳиятини ошириш, халқимиз турмуш шароитини яхшилаш, фаровонликни таъминлаш борасида қўшимча имкониятлар яратади. Ташаббус Ўзбекистон томонидан илгари сурилган ва доимий равишда эътибор қаратиб келинаётган ўзаро боғлиқлик концепциясини амалга ошириш, Марказий Осиёда янги қўшма лойиҳалар ишлаб чиқиш, янги ташаббуслар илгари суриш учун самарали халқаро майдон бўлиб қолади.
Энг муҳими, “Бир макон, бир йўл” замонавий халқаро мулоқотнинг янги имкониятларини юзага чиқарадиган замонавий платформа бўлиб, лойиҳа доирасида ўтказилган анжуманда Ўзбекистон Президенти илгари сурган таклифлар икки ва кўп томонлама манфаатли ташқи сиёсатни амалга ошириш, айниқса, иқтисодий дипломатияни ривожлантириш, янги ҳамкорлар топиш, мамлакатимизга йирик инвесторларни жалб қилиш учун янги имкониятлар яратади.
Гўзал Саъдиева,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги
Давлат бошқаруви академияси кафедра мудири