Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг қирқ олтинчи ялпи мажлиси ўз ишини якунлади.

Сенат ва ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этган мажлисда ўндан ортиқ масала кўриб чиқилди.

Мажлис давомида “Пробация тўғрисида”, “Йўл ҳаракати тўғрисида”ги қонунлар маъқулланди.

Суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Фуқаролик процессуал, Иқтисодий процессуал, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексга ўзгартириш

ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартиришлар киритиш билан боғлиқ тўртта қонун кўриб чиқилди ва тасдиқланди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, айрим қонун ҳужжатларига деҳқон хўжалигини юритиш учун ажратиладиган ер участкаларининг ўлчамини оширишга қаратилган ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш, “Қўриқлаш фаолияти тўғрисида”ги қонун қабул қилиниши муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритишга оид қонунлар маъқулланди.

“Туркий инвестиция жамғармасини таъсис этиш тўғрисидаги Битим (Анқара, 2023 йил 16 март) ратификация қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбдусмани) сайланди.

Шу билан ялпи мажлис якунига етди.

 

Н.Абдураимова,  

ЎзА