Олий Мажлис Сенатининг қирқ олтинчи ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани)ни сайлаш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.

Сенат томонидан Раҳмонова Сурайё Маҳмудовнани Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани) лавозимига сайлаш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Эслатиб ўтамиз, С.Раҳмонова узоқ йиллар мобайнида юридик олий таълим ташкилотларида, шунингдек, суд ва прокуратура органлари тизимида самарали фаолият кўрсатиб келган. 1-даражали адлия маслаҳатчиси, юридик фанлар доктори, профессор.

Мазкур масала юзасидан фикр билдирган Сенат Раиси Танзила Норбоева болалар манфаатларини таъминлаш бўйича мамлакатимизда изчил ишлар амалга оширилганини таъкидлади. Бу масалада илгари халқаро ташкилотлар томонидан кўплаб эътирозлар бўлган. Буларни бартараф этиш бўйича кўплаб амалий ишлар қилинди. Кейинги пайтда эса халқаро ташкилотлардан эътирозлар эмас, фақат тавсиялар келмоқда.

– Фарзандларимиз камоли учун айни пайтда таълим сифатини ошириш, тиббий хизматлар сифатини яхшилаш, ота-онасиз қолган болаларни муҳофазалаш бўйича тизимли ишлар давом эттирилмоқда, – деди Т.Норбоева. – Бу йўналишда дунё стандартларига мувофиқ фаолият олиб бориш, Бола ҳуқуқлари бўйича вакил (Болалар омбудсмани)ни алоҳида тузилма сифатида шакллантиришга ҳаракат қилинмоқда. Зеро, ижтимоий ҳаётда болаларни ҳимоя қилиш, айниқса, уларни зўравонликдан муҳофаза қилиш долзарб масала. Чунки истаймизми-йўқми, болалар зўравонликка учраши билан боғлиқ ҳолатлар йўқ эмас. Янги сайланган Болалар омбудсмани бу борада давлат ва жамоат ташкилотлари, сенаторлар билан ҳамкорликда бу йўналишда кенг миқёсли ишларни амалга оширишига ишонч билдирамиз. Бунга унинг салоҳияти ва тажрибаси етади.

 

Н.Абдураимова,  

ЎзА