Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1996 йил 24 октябрдаги 364-сонли қарорига мувофиқ, мамлакатимизда Миллий кинология маркази ташкил этилган.

Давлатимиз сарҳадларида сергак божхоначиларнинг тўрт оёқли содиқ ёрдамчилари гиёҳвандлик моддалари, портловчи, валюта, тамаки ва кучли таъсир қилувчи воситаларни қидириб топишда самарали хизмат қилмоқда.

“Довуд-ота” чегара божхона постида фаолият олиб бораётган “Фея”, “Жесси” ва “Забар” лақабли хизмат итлари ёрдамида героин, опий гиёҳвандлик моддалари, тўппонча ва унинг газ баллонлари, гильза, патрон каби портловчи воситаларнинг мамлакатимиз ҳудудига кириб келишининг олди олинган.

Миллий кинология маркази ташкил топганининг 27 йиллиги муносабати билан хизмат фаолиятида юқори кўрсаткичларга эришган хизмат итлари тақдирланди. Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси тасарруфидаги божхона постларида ўз фаолиятини олиб бораётган тажрибали кичик инспектор-кинологларга бириктирилган 3 та хизмат итига “Хизмат ити нишони” берилди.

Бу каби рағбатлантиришлар аслида ушбу хизмат итлари бириктирилган ва улар билан шуғулланаётган кичик инспектор-кинологларга берилган ижобий баҳодир. Бу хизмат итлари келгусида ҳам ноқонуний товарлар ҳаракатини аниқлашда соҳа ходимларига катта кўмак беради.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири