Нукусда Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Мактабгача таълим агентлиги, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори офиси, Ўзбекистон Республикаси Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, Велоспорт федерацияси ҳамкорлигида 6 ёшли болалар ўртасида IV веломарафон ўтказилди.

Болалар ва ўсмирларни жисмоний тарбия ва спортга оммавий жалб қилиш масалалари Ўзбекистон Республикаси ҳукуматининг доимий эътиборида бўлиб келмоқда. 2021 йилда мактабгача таълим тизимига экологик таълим-тарбияни ҳамда болалар учун беговел ҳайдаш методикасини жорий этиш бўйича лойиҳа ишга туширилди. Бу мактабгача ёшдаги болаларнинг экологик таълим ва беговел ҳайдаш техникаси бўйича билимларини ошириш имконини берди.

Бугунги кунга Тошкент,  Самарқанд,  Хива шаҳарларида учта лойиҳа ўтказилган бўлса, навбатдаги тўртинчи босқичи Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус шаҳрида ташкил этилди. Мусобақаларнинг асосий мақсади атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва яшил транспорт туридан фойдаланиш соҳасида барқарор кўникмаларни ривожлантириш, шунингдек, мактабгача ёшдаги болалар ўртасида велоспортни оммалаштириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва хулқ-атвор маданиятини ошириш, йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларига риоя қилишга ўргатишдан иборатдир.

Мазкур тадбир давомида 20 та пилот давлат мактабгача таълим ташкилотидаги болалар 400 та беговел билан таъминланди. Веломарафонда иштирок этган болалар эсдалик медаллари, совғалар билан тақдирланди. Шунингдек, улар учун кўнгилочар дастурлар, турли танлов ва ўйинлар ташкил этилди.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, лойиҳа доирасида кейинги йилларда қолган ҳудудлардаги мактабгача таълим ташкилотларига босқичма-босқич беговеллар тақдим этилиши назарда тутилган.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси А.Оринбаев иштирок этди.

 

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА мухбирлари