Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси ўз ишини бошлади. Мажлис аввалида парламент қуйи палатаси Спикери Н.Исмоилов ўтган ҳафта давомида бўлиб ўтган муҳим сиёсий жараёнлар ҳақида тўхталиб ўтди.

Жумладан, Президентимизнинг «Бир макон, бир йўл» учинчи халқаро форумидаги иштироки ва унда илгари сурилган вазифалар, 2024 йил учун давлат бюджетининг асосий йўналишлари ҳамда тармоқ ва ҳудудларда амалга ошириладиган вазифалар муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишидаги вазифалар, Ўзбек тили байрами ўтказилгани, ўзбек тилининг мавқеини ошириш борасида олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар ҳақида батафсил тўхталди:

— Шу йил 17-18 октябрь кунлари мамлакатимиз раҳбари «Бир макон, бир йўл» учинчи халқаро форумида иштирок этиш учун амалий ташриф билан Пекин шаҳрида бўлди. Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда Ўзбекистон ўз ташқи сиёсатида миллий манфаатлардан келиб чиқиб, турли халқаро лойиҳалар ва ташаббуслар доирасида ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга устувор аҳамият қаратиб келмоқда. Жумладан, «Бир макон, бир йўл» ташаббуси ҳам моҳият эътибори билан халқимиз, Ўзбекистон ҳамда минтақамиз манфаатларига тўла мос келадиган муҳим ва очиқ платформа десак тўғри бўлади.

Давлатимиз раҳбари «Бир макон, бир йўл» учинчи халқаро форумидаги нутқида бир қатор таклиф ва ташаббусларни илгари сурди. Ўзбекистон “Яшил ипак йўли” доирасида кенг кўламли халқаро ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдор эканлиги алоҳида таъкидлаб ўтилди.

Таъкидлаш жоизки, Президентимиз нутқи хорижий экспертлар ва таҳлилчилар ўртасида катта қизиқиш уйғотди. Эксперт-таҳлил доиралар мамлакатимиз раҳбари илгари сурган ташаббуслар «Бир макон, бир йўл» концепциясини минтақавий ривожланишнинг аниқ дастурлари билан бойитганини алоҳида қайд этмоқда.

Президентимиз нутқида халқимиз манфаатларидан келиб чиқиб, ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга қаратилган муҳим таклифлар ва ташаббусларни билдирди. Жумладан, иқтисодиёт тармоқларини «яшил» тараққиёт талаблари асосида ривожлантириш мақсадида «Яшил» тараққиёт дастури»ни ишлаб чиқиш таклиф этилди.

Шунингдек, минтақа мамлакатларида юқори экологик стандартларни жорий этиш учун Ўзбекистонда «Яшил» молиялаштириш» жамғармасини таъсис этиш ташаббуси илгари сурилди. Давлатимиз раҳбари томонидан билдирилган барча ғоялар, ташаббуслар ва таклифлар нафақат мамлакатимиз, балки минтақамизнинг «яшил» келажагини барпо этишга қаратилгани билан ҳам ниҳоятда муҳим аҳамиятга эга, — деди Спикер.

 

Муҳтарама Комилова,  

ЎзА