Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлигида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 11 сентябрда қабул қилинган “Ўзбекистон – 2030” стратегияси тўғрисида”ги Фармонида илгари сурилган вазифалар, ушбу ҳужжат мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка тушунтириш, аҳолининг сиёсий ва ҳуқуқий саводхонлигини ошириш масалаларига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, шаҳар ва туман Кенгашлари депутатлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, сиёсий партиялар, оммавий ахборот воситалари вакиллари ва ёшлар иштирок этди.
Таъкидланганидек, Ўзбекистонда эркин фуқаролик жамиятини барпо этиш, “Жамият – ислоҳотлар ташаббускори” тамойилини амалга ошириш, фуқароларнинг давлат ва жамият бошқарувидаги иштирокини кенгайтириш йўлида салмоқли ишлар рўёбга чиқарилмоқда. Жумладан, “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди, маҳаллий бюджет маблағларини аҳоли фикри асосида сарф этиш бўйича “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси йўлга қўйилди, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилишдан олдин жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиш лозимлиги белгиланди ва амалиётга татбиқ этилди.
Тадбирда “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини амалга оширишда фуқаролик жамияти институтларининг роли ва аҳамияти, айниқса, масъул идоралар томонидан юклатилган вазифаларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши юзасидан жамоатчилик мониторинги ва жамоатчилик назорати каби тадбирларни ташкил этиш билан боғлиқ масалалар бўйича тушунтиришлар берилди. Иштирокчилар мутахассислардан ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олдилар.
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА