Ижтимоий соҳа объектларидаги иситиш тизимларининг куз-қиш мавсумида барқарор ишлашини таъминлаш мақсадида муассасалар давлат-хусусий шериклик лойиҳалари доирасида модернизация қилинмоқда.

Халқ депутатлари Кегейли туман Кенгашининг жорий йил 27 сентябрь куни бўлиб ўтган сессиясида ижтимоий соҳа объектларини 2023-2024 йилларнинг куз-қиш мавсумига тайёрлашни таъминлаш юзасидан амалга оширилаётган ишларга оид масалаларни муҳокама қилиш борасида депутатлар томонидан тумандаги 37-сонли умумтаълим мактабининг иситиш тизимида узоқ йиллардан буён ўрин олаётган муаммолар, уларни бартараф қилиш бўйича муносабатлар билдирилган эди.

Туман Кенгашидаги O’zLiDeP депутатлик гуруҳи раҳбари Б.Искендеров ва тегишли ташкилот вакилларидан ташкил топган ишчи гуруҳ аъзолари томонидан мазкур мактаб иситиш тизимининг бугунги кундаги аҳволи ўрганилди. Маълум бўлганидек, 240 ўринга мўлжалланган мактаб 1974 йили қурилган бўлиб, унда ҳозирги кунда 143 нафар ўқувчи ўқийди. Таълим муассасасида 3 та қозонхона мавжуд. Шундан 2 та қозонхона, печь ва ички иситиш тизими бугунги кунда яроқсиз ҳолатда. Спорт залнинг иситиш тизими ишламайди.

Куз-қиш мавсумига тайёргарлик учун 40 тонна кўмир захираси жамғарилган. Ўрганишлар давомида мактабнинг иситиш тизимида ҳақиқатдан ҳам муаммолар борлиги аниқланди ва қисқа муддатда бартараф қилиш юзасидан зарур чора-тадбирлар кўрилиши бўйича кўрсатмалар берилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 10 апрелдаги “Ижтимоий соҳа объектларининг иситиш тизимларини давлат-хусусий шериклик асосида модернизация қилиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, мактабнинг иситиш тизимини давлат-хусусий шериклик асосида реконструкция қилиш бўйича “Ривож Мўйноқ қурилиш” масъулияти чекланган жамияти билан шартнома тузилиб, мавжуд муаммоларни бартараф этиш чоралари кўрилмоқда.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ,  

ЎзА мухбири.