Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик ва мусиқали театрида Уйғун асари асосида саҳналаштирилган “Абу Райҳон Беруний” тарихий драмасининг премьераси бўлиб ўтди.

Режиссёр Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган санъат арбоби Бердибой Утебоев томонидан саҳналаштирилган спектакль буюк аллома тарих, география, филология, астрономия, математика, геодезия, минералогия, фармакология, геология ва бошқа кўплаб фанларга оид қомусий асарлар муаллифи Абу Райҳон Беруний таваллудининг 1050 йиллигига бағишланди.

Асарда Абу Райҳон Беруний ижоди ҳамда даврнинг қарама-қаршиликлари, Хоразмшоҳ Маъмун II таклифига биноан Гурганчга қайтиб келган Берунийнинг шоҳ номидаги “Маъмун академияси”ни барпо этиши, Беруний, Абу али Ибн Сино ва унинг шогирдларининг илм-фан ривожи йўлида амалга оширган ишлари ҳақида ҳикоя қилинади.

Спектаклда Абу Райҳон Беруний образини актёр Азизбек Назаримбетов, Ибн Ироқ ролини актёр Омирбой Қосимбетов, Жафар образини актёр Достон Боймурзаев, Гулсанам образини актриса Гулсанам Ободбоева, Абу али Ибн Сино образини актёр Алишер Акимов юксак маҳорат билан ижро этган.

ЎзА фотомухбири
Мақсад Ҳабибуллаев олган суратлар