Жаҳон иқтисодий форуми доирасида ташкил этилган ёш лидерлар йиллик саммитининг уч кун давом этган сессиялари, тадбир доирасидаги турли мавзулар бўйича чиқишлар ниҳоясига етди. Бу ҳақда “WAM” ахборот агентлиги хабар берган.

Анжуман доирасида рақамли иқтисодиёт, таълим, ижодий индустрия, кенг қамровли иқтисодий-ижтимоий ривожланиш, соғлиқни сақлаш ва ҳаёт тўғрисидаги фанлар, тадбиркорлик, инвестиция ва “яшил” технология соҳаларига бағишланган семинарлар ташкил этилди.

Шаҳарларда барқарор ишлаб чиқариш салоҳияти, биологик технология инқилоби, сунъий интеллект орқали қарор қабул қилиш имкониятини кенгайтириш, келажак учун озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва инновацион таъминот занжирини яратиш бўйича муҳокамалар бўлиб ўтди.

Мазкур анжуман ҳар йили ўтказилиши  ёшларнинг имкониятини кенгайтириш, ғояларини қўллаб-қувватлаш ва келажагига сармоя киритиш муҳимлигини кўрсатиш мақсадини кўзлайди. Бу лойиҳа замирида БАА ҳукумати ва Жаҳон иқтисодий форуми ҳамкорлигида келажакни белгилаш ҳамда қарашларни ҳақиқатга айлантириш бўйича ёш етакчилар роли ҳақидаги умумий фалсафа мужассамлашган.

Беш юздан ортиқ аъзо билан бирга юқори мартабали масъуллар, етакчи академик экспертлар иштирок этган тадбирда ёшларнинг келажакни тасаввур қилиши, лойиҳалаш ва қурилишдаги ўрни ҳақида сўз борди. Шунингдек, ҳукумат ва муассасалар кўмагида ёш лидерларнинг келажакни қуришга ҳисса қўшиши механизмлари кўриб чиқилди.

Жаҳон ёш лидерлари саммити 2004 йил дунёдаги ёш етакчиларга маҳаллий, минтақавий ва халқаро долзарб масалаларда, келажак йўлидаги муаммоларга амалий ечим топишда ёрдам бериш учун ташкил этилган.

Шаҳноза ТОШТЕМИРОВА тайёрлади.

ЎзА