Тошкентдаги Халқаро конгресс марказида 20 октябрь куни Ўзбекистон раислигида Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатлар Хавфсизлик кенгашлари котибларининг иккинчи йиғилиши бўлиб ўтди.
Бугунги кунда ваколатли идораларнинг хавфсизликни таъминлаш борасидаги ҳаракатлари, мамлакатларни барқарор тараққий эттириш йўлларини излаш бўйича ҳамкорликдаги ишлари ҳар доимгидан ҳам муҳим жараён саналади. Шу жиҳатдан ҳам бу йиғилишни Туркий давлатлар ташкилоти кун тартибидаги ўта муҳим воқеалардан бири дейиш ўринли.
Тадбирда Озарбайжон Республикаси Хавфсизлик кенгашининг котиби Рамиль Усубов, Қозоғистон Республикаси Хавфсизлик кенгашининг котиби Гизат Нурдаулетов, Қирғиз Республикаси Хавфсизлик кенгашининг котиби Марат Иманкулов, Туркия Президенти Администрацияси ҳузуридаги Миллий хавфсизлик кенгашининг бош котиби Сейфуллаҳ Хажи Муфту ўғли, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби Виктор Махмудов, шунингдек, Туркий давлатлар ташкилоти бош котиби Қубаничбек Омуралиев иштирок этди.
Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Президентининг ташқи сиёсат масалалари бўйича махсус вакили Абдулазиз Комилов давлатимиз раҳбарининг йиғилиш иштирокчиларига мурожаатини ўқиб эшиттирди.
Мурожаатда Туркий давлатлар ташкилотининг жадал ўсиб бораётган салоҳияти ва обрў-эътибори – бу уларнинг дўстлиги ҳамда бирдамлиги экани алоҳида қайд этилган.
Самарқандда бўлиб ўтган тарихий саммит якунлари Ташкилот ривожида янги даврни бошлаб берди. Қатор муҳим ҳужжатлар, жумладан, савдо ва божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш ҳамда Инвестиция фондини ташкил этиш тўғрисидаги битимлар қабул қилинди.
Туркий давлатлар ташкилотида Ўзбекистон раислигида аҳамиятга молик, кенг қамровли ишлар амалга оширилди. Ҳамкорлик янада кенгайиб, янги юксалиш суръатига эга бўлганига эътибор қаратилди.
Туркий давлатлар ташкилотини институционал жиҳатдан ислоҳ қилиш, “янги иқтисодий имкониятлар макони”ни яратиш, транспорт соҳасида ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш ва озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича ҳамкорликни кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилгани қайд этилди.
Ўзбекистоннинг раислиги доирасида мамлакатларнинг иқтисодиёт, савдо, соғлиқни сақлаш, таълим, космос, энергетика вазирликлари ва идоралари ҳамда махсус хизматлари раҳбарларининг қатор муҳим учрашувлари ўтказилгани таъкидланди.
Шунингдек, мурожаатда Ташкилот захираларидан имкон қадар самарали фойдаланиш ҳамда туркий мамлакатларнинг интеграция борасидаги салоҳиятини барча соҳаларда ошириш бўйича изчил иш олиб борилиши қайд этилди.
Хавфсизликнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашиш, бугунги нотинч дунёдаги умумий таҳдид ва хавф-хатарларга қарши биргаликда жавоблар ишлаб чиқишда бу каби йиғилишлар самарали майдон саналади.
Тадбир давомида иштирокчилар Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатларнинг хавфсизликка оид минтақавий кун тартиби масалаларига ёндашувлари умумийлигини қайд этди.
Томонлар барқарор ривожланишни таъминлашнинг амалий жиҳатлари бўйича идоралараро алоқаларни янада кенгайтириш муҳимлигини таъкидлади.
– Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатлар Хавфсизлик кенгашлари котибларининг биринчи йиғилиши ўтган йили Анқарада бўлган эди, – дейди Туркий давлатлар ташкилоти бош котиби Қубаничбек Омуралиев. – Ўтган йил ноябрь ойида Самарқанд шаҳрида Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар раҳбарларининг йиғилиши бўлиб ўтди. Ўша тарихий саммитда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Хавфсизлик кенгашлари котибларининг йиғилишини давом эттириш кераклигини таъкидлади. Иккинчи йиғилишни Тошкентда ўтказиш ташаббуси билан чиқди. Бугунги йиғилишнинг кун тартибидан одам савдоси, озиқ-овқат хавфсизлиги, наркотрафикка қарши курашиш, чегаралар дахлсизлиги каби масалалар ўрин олди. Биз барча соҳалардаги – озиқ-овқат хавфсизлигидан тортиб фуқаролар хавфсизлигигача бўлган масалаларни кўриб чиқдик. Терроризм, экстремизм, гиёҳвандликка қарши курашгача бўлган хавфсизлик масалалари муҳокама қилинди. Йиғилишда қабул қилинган қарорларни изчил бажариш, хусусан, хавфсизлик кенгашининг ҳар бир котиби ва котибият билан экспертлар гуруҳини ташкил этишга келишилди.
Учрашувда, шунингдек, кибержиноятчиликка қарши курашиш, иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш, фавқулодда вазиятлар ва бошқа таҳдидларнинг олдини олиш масалаларига эътибор қаратилди. Бу борада ҳамкорликни кенгайтиришга оид масалалар муҳокама қилинди.
Томонлар ваколатли органларининг ўзаро ҳамкорлигини мувофиқлаштириш ва умумий кун тартибининг долзарб масалалари бўйича қўшма қарорларни ўз вақтида ишлаб чиқиш муҳимлиги айтилди. Бунинг учун ташкилотга аъзо давлатлар Хавфсизлик кенгашлари котиблари ўртасидаги учрашувларнинг доимий механизмини жорий этиш муҳимлиги алоҳида қайд этилди.
Анжуман доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котибининг Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия делегацияси раҳбарлари, шунингдек, Туркий давлатлар ташкилоти бош котиби билан икки томонлама учрашувлари бўлиб ўтди.
Икки томонлама учрашувларда минтақавий хавфсизлик масалалари, Афғонистондаги вазият, шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, махсус хизматлар, мудофаа ва фавқулодда вазиятлар вазирликлари ўртасидаги икки томонлама ҳамкорлик асосида ҳамда ташкилот доирасидаги алоқаларни фаоллаштириш бўйича фикр алмашилди.
Томонлар конструктив ҳамкорликни давом эттириш, хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни чуқурлаштиришга тайёр эканликларини тасдиқлади.
Икром Аввалбоев, Муродхон Хўжаев (сурат), ЎзА