Адлия вазирлиги, Мактабгача таълим агентлиги ва Рақамли технологиялар вазирлиги ҳамкорлигида фуқароларга яна бир қулайлик яратилди.

Яъни, эндиликда болалар боғчаси учун шаклланган йўлланмани олиш учун давлат хизматлари марказига бориш шарт эмас.

Хабарингиз бор, бугунги кунга қадар болани боғчага жойлаштириш учун бериладиган йўлланмани давлат хизматлари марказидан (агар марказ орқали юборилган бўлса) олиш лозим эди. Бунинг учун фуқаро вақт ва маблағ сарфлашига тўғри келган.

Янги тартиб билан бундай оворагарчилик ва бюрократияга  чек қўйилди. Эндиликда йўлланма шаклланиши билан телефон орқали ариза рақами ва махфий код акс этган хабар юборилади. Ушбу махфий код билан тўғридан-тўғри боғчага бориб, мудирага маълум қилинса кифоя.

Асосийси, шаклланган йўлланмани тасдиқловчи махфий код айтилмагунча, йўлланмани ҳеч ким кўра олмайди. Бу билан коррупция ҳолатларининг олди олинади.

Яна бир аҳамиятли жиҳати шуки, биргина 2022 йилнинг ўзида боғчага жойлаштириш учун 1 миллион 405 минг 424, 2023 йил 9 ойи мобайнида эса 1 миллион 22 минг 65 йўлланма шакллантирилган.

Яратилган янги қулайлик орқали фуқароларнинг вақти ва маблағи тежалади. Қолаверса, ҳар йили 1,2 миллион донадан ортиқ (6 тонна) қоғоз тежалади.

Н.Абдураимова, ЎзА