Global Media Congress бу Абу Дабидаги ADNEC Group ва Амирликлар ахборот агентлиги (WАМ) БАА вице-президенти Шайх Мансур Ол Наҳаён ҳомийлигида ўтказиладиган муҳим тадбирдир.
Конгрессда дунёнинг турли давлатларидан қатор оммавий ахборот воситалари вакиллари ва нуфузли шахслар иштирок этади.
Унда рақамли алоқа, сунъий интеллект, илғор технологиялар ва медиа секторидаги инновациялар соҳасидаги бир қанча асосий мавзулар муҳокама қилинади. Шунингдек, журналистика, радио, телевидение, интернет ва ижтимоий тармоқларга бағишланган махсус сессиялар ўтказилади.
Ушбу ихтисослаштирилган конференция ОАВ ходимлари учун соҳанинг сўнгги тенденциялари ва муаммолари билан танишиш учун ажойиб имкониятдир.
Ўтган 2022 йилги Медиа Конгрессда 13 656 дан ортиқ иштирокчи қатнашди. Унда 42 давлатдан 192 та халқаро медиа-компания ва муассасалар, шунингдек, медиа секторидан 1200 дан ортиқ эксперт ва мутахассислар иштирок этишган.
Тадбир маҳаллий ва халқаро медиа ташкилотлари ўртасида 10 дан ортиқ ҳамкорлик шартномаларини имзолаш имконини берди ва оммавий ахборот воситаларининг илғор инновациялари ишга туширилганига гувоҳ бўлди.
Бу йилги Global Media Congress 14-16 ноябрь кунлари Абу-Даби миллий кўргазма марказида бўлиб ўтади.
Шаҳноза Тоштемирова,
Дониёр Якубов (видео), ЎзА