Хитой фақат ўзи ёпиқ тарзда модернизациялашишни кўзлаётгани йўқ, дунёнинг барча мамлакатларига бу борада ёрдам беришга тайёр, деди ХХР раиси Си Цзиньпин Пекинда “Бир макон, бир йўл” ташаббуси доирасида бўлиб ўтаётган олий даражадаги учинчи анжуманда сўзга чиқиб.

Хитой етакчиси таъкидлашича, дунёнинг модернизациялашуви тинч тараққиёт, ўзаро манфаатли ҳамкорлик ва умумий фаровонлик гарови бўлиши керак.

“Хитой барча давлатлар билан ҳамкорликни чуқурлаштириш, мазкур ташаббусни биргаликда барпо қилиш, юқори суръатда ривожлантириш ва барча мамлакатларни узлуксиз модернизациялашни қўллаб-қувватлашга тайёр”, – дея қўшимча қилди Си Цзиньпин.

Хитойнинг товар ва хизматлар бўйича ташқи савдо кўлами яқин беш йилда 32 триллион доллардан ошади, деди Хитой раҳбари.

Ҳозир ХХР 140 дан зиёд мамлакат ва ҳудудларнинг асосий савдо шериги ҳисобланади. Қолаверса, Чин мамлакати кўплаб мамлакатлар иқтисодиёти учун инвестиция манбаига айланмоқда.

Шунингдек, Хитой раҳбари Ипак йўли жамғармаси маблағи қўшимча равишда яна 80 миллиард юан (тахминан 10,9 миллиард доллар) оширилишини ҳам маълум қилган.

2014 йил 29 декабрда ташкил этилган мазкур жамғарма “Бир макон, бир йўл” ташаббуси доирасида инфратузилмавий лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ҳамда савдо ҳамкорлигини соддалаштиришга кўмаклашади. Фонднинг умумий маблағи 40 миллиард доллар ва 100 миллиард юан (тахминан 13,6 миллиард доллар)дан иборат.

ХХР Раиси таъкидлашича, “Бир макон, бир йўл” ўтган ўн йилда ҳаётий ва рамзий лойиҳаларни ҳаётга жорий қилиш асосига, оддий чизма ва режадан аниқ лойиҳаларга айланган.

“Макон ва йўл” – Хитойнинг амалдаги савдо-транспорт йўлакларини такомиллаштириш, Марказий Осиё, Европа ва Африкадаги 60 дан зиёд мамлакатни бир-бирига боғлайдиган янги йўлаклар барпо қилиш бўйича халқаро ташаббус бўлиб, савдо муносабатларини янада ривожлантиришга қаратилган.

С.Раҳимов, ЎзА