Самарқандда бўлиб ўтаётган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти тизимидаги Бутунжаҳон туризм ташкилотининг юбилей 25-сессияси иккинчи куни ҳам ниҳоясига етди.

Дастурга мувофиқ, 17 октябрь куни анжуман қатнашчилари бир қатор муҳим тадбирларда иштирок этди. Мажмуа ҳудудидаги Конгресс-холлда ва бир қатор муҳташам меҳмонхоналар мажлислар залида турли қўмиталар йиғилишлари ўтказилди. Хусусан, тузилманинг сараланган аъзолари қўмитаси ҳамда Туризм ва барқарорлик қўмитаси йиғилишларида соҳага доир долзарб масалалар муҳокама қилинди.

Куннинг асосий воқеаси – Глобал инвестиция форуми “Буюк ипак йўли” халқаро туризм маркази ҳудудидаги экспомарказда бошланди.

Анжуманнинг тантанали очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов ҳамда ЮНВТО бош котиби Зураб Пололикашвили мазкур нуфузли тадбирнинг аҳамиятига яна бир бор тўхталиб ўтди.

А.Абдуҳакимов Ўзбекистонда туризмни ривожлантириш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар, давлатимизнинг сайёҳлик йўналишидаги улкан салоҳияти ҳақида сўз юритаркан, охирги беш йилда юртимиздаги меҳмонхоналар сони қарийб икки баробар кўпайиб, 1000 тага етгани, маҳаллий бозорга жаҳоннинг ушбу соҳадаги етакчи брендлари кириб келганини алоҳида таъкидлади.

– Мустақил халқаро ташкилотлар республикамизда туризм ривожланиши ҳолатини барқарор, дея баҳоламоқда, – деди А.Абдуҳакимов. – 2024 йил диёримизга ташриф буюрадиган сайёҳлар сони 10 миллионга етиши кутиляпти. Ўзбекистон форумда умумий қиймати 3 миллиард долларлик инвестиция лойиҳаларини тақдим этмоқда. Демак, сиз нафақат инвестициявий имкониятлар ҳақида билиб олишингиз, балки шу ерда ва ҳозироқ сармоя киритишингиз мумкин. 170 та лот очиқ ким ошди савдосига қўйилади. Ишончим комилки, мазкур анжуман туризмни барқарор ривожлантириш учун янги, инновацион лойиҳаларни илгари суришда муҳим аҳамият касб этади. Мен барча инвесторларни фаолликка чақираман. Бу Ўзбекистонда гуллаб-яшнайдиган бизнесингиз учун биринчи қадам бўлади.

Туризм соҳасида глобал инвестиция форуми давомида жаҳон туризмини замонавий талаблар даражасида ривожлантиришга қаратилган кўплаб илғор ташаббуслар, самарали таклифлар ўртага ташланди. Хусусан, ЮНВТО ижрочи директори Наталья Байоннинг “Туризмга инвестиция киритиш жараёнидаги глобал тенденциялар: ЮНВТОнинг инвестиция дастури” мавзусидаги маърузаси йиғилганларда катта таассурот қолдирди.

Самарқандга ташриф буюрган вазирлар иштирокида ташкил этилган юқори даражали мулоқотда Мальдив Республикаси, Колумбия, Албания, Испания сингари жаҳон сайёҳлик йўналишида муносиб ўрнига эга мамлакатлар туризм соҳасига масъул вазирлари ўз мамлакатлари тажрибаси асосида соҳага оид муаммоларни бартараф этишга қаратилган  фикрлари билан ўртоқлашди.

Анжуман давомида ЮНВТО бош котиби Зураб Пололикашвили мамлакатимиз экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимовга “Tourism doing business. Investing in Uzbekistan” – “Туризм бизнесни яратади, Ўзбекистонга инвестиция киритади” номли махсус қўлланмани топширди.

Режага мувофиқ, икки кунга мўлжалланган форум дастуридан вазирлар, халқаро молия институтлари раҳбарлари даражасида бўлиб ўтадиган муҳокама, мунозара шаклидаги йиғилишлар – жами 5 та ихтисослашган сессия, 22 та давлат, хорижий тузилма тақдимоти ўрин олган.

Тадбирда Бош Ассамблея расмий веб-сайтидаги махсус ҳавола орқали рўйхатдан ўтган 100 га яқин давлатдан 634 вакил, жумладан, 122 нафар йирик хорижий инвестор ҳамда 540 маҳаллий компания иштирок этяпти. Шу куни ЮНВТО Ижроия қўмитасининг 119-сессияси ҳам бўлиб ўтди. Самарқанд анжумани доирасидаги тадбирлар давом этмоқда.

Ғайрат ХОННАЗАРОВ, 
ЎзА мухбири