Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев амалий ташриф билан Хитой Халқ Республикасида бўлиб турибди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 17 октябрь куни Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин билан музокаралар ўтказди.

Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги дўстлик ва ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.

Учрашув аввалида Президентимиз таклиф ва кўрсатилаётган самимий қабул учун Хитой етакчисига миннатдорлик билдирди.

Ўзбекистон раҳбари ХХР Раисини Хитой ташкил топган кун ҳамда “Бир макон, бир йўл” ташаббусининг ўн йиллик юбилейи билан чин дилдан қутлади.

– “Макон ва йўл” ташаббуси қисқа тарихий давр ичида умумий тараққиёт ва равнаққа эришиш йўлидаги ҳамкорлик учун муҳим, инклюзив ва очиқ платформага айланди. ХХР Раисининг “Яшил ипак йўли” ташаббуси илк бор 2016 йилда Ўзбекистонда билдирилгани чуқур рамзий маънога эга, – деди мамлакатимиз етакчиси.

Ўзбекистон Хитой билан кўп қиррали муносабатларни янада чуқурлаштиришга қатъий интилиши алоҳида таъкидланди.

Ҳар томонлама стратегик шерикликни янги даврда ривожлантириш бўйича беш йиллик дастур амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Президентининг жорий йил май ойидаги Хитойга давлат ташрифи давомида эришилган келишувлар изчил бажарилаётгани, сиёсий мулоқот мустаҳкамланиб, асосий масалалар борасида томонлар бир-бирини қўллаб-қувватлаётгани алоҳида мамнуният билан таъкидланди.

Савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик жадал ривожланмоқда.

Кейинги йилларда Хитой инвестициялари ҳажми беш баробар, қўшма корхоналар сони уч баробар кўпайди. Жорий йил бошидан буён ўзаро савдо ҳажми 36 фоизга ошди. Йил якунигача ушбу кўрсаткич 10 миллиард доллардан ошиши кутилмоқда.

Товар айирбошлашни яқин беш йилда 20 миллиард долларга етказиш учун барча асослар борлиги ҳақида якдил фикр билдирилди.

Хитой компаниялари ва молиявий институтлари иштирокида юксак технологиялар, муқобил энергетика, кимё, машинасозлик, металлургия, электротехника тармоқларида, инфратузилмани модернизация қилиш ва бошқа йўналишларда бир қатор йирик инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон юқори қўшилган қийматли инновацион маҳсулотлар ишлаб чиқаришни биргаликда ташкил этиш орқали юқори технологик лойиҳаларни кўпайтиришдан манфаатдорлиги билдирилди.

Хитойнинг етакчи банклари ва “Ипак йўли” фонди билан самарали ҳамкорликка юқори баҳо берилди.

Ҳудудлараро алоқалар фаоллашгани қайд этилди. Йил бошидан Ўзбекистонга Шинжон – Уйғур автоном ҳудуди, Шэньси, Шаньдун, Цзянсу ва Цзянси музофотлари делегациялари ташриф буюрди.

Хитойнинг камбағалликка қарши курашиш тажрибасини ўрганиш ва жорий этиш борасида самарали тажриба алмашиш ва амалий ҳамкорлик қилишга алоҳида эътибор қаратилди.

Барча келишувлар ижросининг боришини кўриб чиқиш мақсадида Ҳукуматлараро қўмитанинг навбатдаги йиғилишини ўтказиш таклиф қилинди.

Етакчилар маданият, таълим ва туризм соҳаларида қизғин ҳамкорликни юксак баҳоладилар. Хитой 2023 йилни “Марказий Осиё ва Хитой халқлари маданияти ва санъати йили” деб эълон қилиш ташаббусини қўллаб-қувватлагани учун миннатдорлик билдирилди.

Яқинда Ханчжоудаги Ипак миллий музейида Ўзбекистоннинг тақдимоти бўлиб ўтди. Пекиндаги “Гугун” саройи музейида “Макон ва йўл” ташаббуси доирасидаги Археологик ҳамкорлик кўргазмасида тарихий меросимиз экспозицияси ташкил этилди.

Октябрь ойи охирида Ўзбекистонда Хитой маданияти кунлари, келгуси йил баҳорида эса Хитойда Ўзбекистон маданияти кунларини ўтказиш режалаштирилган.

Ўзбекистонда, айниқса, ёшлар орасида хитой тилини ўрганишга қизиқиш ортиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди. Тошкент ва Самарқанддаги Конфуций институтининг самарали фаолияти бунга катта ҳисса қўшмоқда. Хитой тилини ўқитишни ва ёш олимлар ўртасидаги алмашинувни кенгайтириш режалари белгилаб олинди.

Ўзбекистон Президенти Тошкентда Хитойнинг етакчи Цинхуа университети ва Пекин университети филиалларини очишни таклиф қилди.

Минтақавий кун тартиби ва халқаро сиёсатнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашилди.

“Ягона Хитой” сиёсати ҳамда “уч ёвуз куч”га қарши курашиш борасидаги позиция ўзгармас экани тасдиқланди.

Учрашувда илгари сурилган ташаббусларни амалга ошириш бўйича “йўл харитаси”ни қабул қилишга келишиб олинди.

Музокаралар якунида давлатимиз раҳбари ХХР Раисини ташриф билан Ўзбекистонга келишга таклиф этди.

Учрашув ҳар доимгидек ишончли, очиқ ва дўстона руҳда ўтди.

Пекин шаҳридаги Халқ йиғинлари уйида “Бир макон, бир йўл” учинчи халқаро форумида иштирок этаётган делегациялар раҳбарларини расмий кутиб олиш маросими бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва рафиқасини Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин ва рафиқаси тантанали кутиб олди.

Маросимда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш, Россия Президенти Владимир Путин, Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев, Венгрия Бош вазири Виктор Орбан, Покистон Бош вазири вазифасини бажарувчи Анвар ул-Ҳақ Какар, Туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов, қатор бошқа мамлакатларнинг давлат ва ҳукуматлар раҳбарлари ҳам иштирок этди.

Меҳмонларга театрлаштирилган концерт дастури тақдим этилди.

Давлатимиз раҳбари Хитойга амалий ташриф доирасида Вьетнам Социалистик Республикаси Президенти Во Ван Тхионг билан учрашди.

Икки мамлакат ўртасида, энг аввало, савдо-иқтисодий соҳадаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.

Таъкидлаш жоизки, Вьетнам Ўзбекистоннинг Осиё-Тинч океани минтақасидаги муҳим ҳамкоридир. Кейинги йилларда турли даражалардаги мулоқотлар фаоллашди, ўзаро савдо ҳажми ва қўшма корхоналар сони ортиб бормоқда. Қишлоқ хўжалиги ва балиқчилик соҳаларида лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Етакчи компанияларимиз нефть-газ мажмуасида, машинасозлик, электротехника, кимё, тўқимачилик, пойабзал, мебелсозлик, озиқ-овқат ва бошқа тармоқларда, шу жумладан, махсус иқтисодий зоналар ва индустриал парклар доирасида кооперациялар ташкил этиш учун имкониятлар мавжудлиги қайд этилди.

Шунингдек, Ўзбекистон ва Вьетнам етакчилари маданият, таълим ва туризм соҳаларида алмашинувни ривожлантириш муҳим эканини таъкидладилар.

Ўзбекистон Президенти “Amer International” индустриал-саноат холдинги раиси Ван Вэньинни қабул қилди.

Хитойнинг етакчи конгломератларидан бири бўлган “Amer International” юксак технологиялар, электроника, яримўтказгичлар саноати, кончилик ва қайта ишлаш тармоқларидаги лойиҳалар билан шуғулланади. Компания “Fortune 500” глобал рейтингига кирган. Хитойда ва унинг ташқарисида умумий қиймати 60 миллиард доллардан зиёд бўлган лойиҳаларни амалга оширмоқда.

Ван Вэньин Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотлар дастури хорижий, шу жумладан, Хитой компаниялари учун қулай шароит яратаётгани ва кенг имкониятлар очаётганини таъкидлади.

Компания мамлакатимизга Марказий Осиё минтақасидаги бизнесининг бош йўналиши сифатида қараётгани қайд этилди.

Мисни чуқур қайта ишлаш ва ундан юқори қўшилган қийматли инновацион ва харидоргир маҳсулотлар, шу жумладан, электротехника, электромобиллар учун аккумулятор батареялари, микроэлектроника ва яримўтказгичлар ишлаб чиқариш бўйича истиқболли лойиҳалар муҳокама қилинди.

“Amer International” компанияси раиси Хорижий инвесторлар кенгаши фаолиятида иштирок этиши, мамлакатимизда минтақавий офис очиш ҳамда қўшма инновацион лойиҳаларни тезлаштириш бўйича “йўл харитаси”ни қабул қилиш юзасидан келишувга эришилди.

Форумнинг асосий тадбирлари 18 октябрь куни бўлиб ўтади.

ЎзА