Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларидан жами 15 та ҳужжат — диплом, лицензия, рухсатнома, давлат божи, йиғимлар ва бошқа тўловлар тўланганини тасдиқловчи ҳужжатлар ва бошқа фактларни тасдиқловчи маълумотлар ҳамда ҳужжатларни талаб қилиш бекор қилинмоқда. Шу боис амалдаги 13 та қонунга фактларни тасдиқловчи маълумотлар ва ҳужжатларни талаб қилмаслик бўйича тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Ушбу “Давлат хизматлари кўрсатиш тизими такомиллаштирилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси парламент қуйи палатаси мажлисида муҳокама қилинди.

Депутат Дурбек Аҳмедов ушбу қонун лойиҳаси хусусида маъруза қилар экан, давлат хизматларини кўрсатиш тизими такомиллашиб бораётгани ва лойиҳанинг муҳимлигини алоҳида қайд этди. Таъкидланганидек, қонун лойиҳасида шунингдек, адвокатлик тузилмаларини давлат рўйхатидан ўтказиш учун давлат божи миқдори БҲМнинг икки бараваридан бир бараварига камайтириш бўйича ўзгартиш ва қўшимчалар ҳам ўз аксини топган.

Мазкур ҳужжат турли тоифадаги давлат хизматлари кўрсатиш тизимини рақамлаштириш жараёнларини жадаллаштиришга, сифатни таъминлашга, идораларда фуқаролар ҳақидаги маълумотлар ягона идентификаторлар асосида сақланиши учун ҳуқуқий асослар яратишга хизмат қилади. Шунингдек, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг ортиқча оворагарчиликларининг олдини олади.

 

М.Комилова,

ЎзА