Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Электр, иссиқлик энергияси, газдан фойдаланиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги фотосуратлар ва (ёки) видеоёзувларни қабул қилиш, кўриб чиқиш ҳамда уларни тақдим этган шахсларни рағбатлантириш тартиби ҳақидаги низомни тасдиқлаш тўғрисида” қарор қабул қилди.

Унга мувофиқ, электр, иссиқлик энергияси, газдан фойдаланиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар ҳақида хабар берган шахсларни пул мукофоти билан рағбатлантириш тартиби жорий қилинади.

Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекциясида ёқилғи-энергия ресурсларини талон-торож қилишнинг олдини олиш ҳамда улардан оқилона фойдаланиш соҳасида жамоатчилик назоратини ўрнатишга қаратилган “Uzenergo” мобиль иловаси ташкил этилади.

Қарор билан электр, иссиқлик энергияси, газдан фойдаланиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги фотосуратлар ва (ёки) видеоёзувларни қабул қилиш, кўриб чиқиш ҳамда уларни тақдим этган шахсларни рағбатлантириш тартиби ҳақидаги низом ҳам тасдиқланди.

Унга кўра, ҳуқуқбузарлик ҳолатлари тўғрисидаги видеоёзувларни тақдим этган шахслар тўғрисидаги маълумотлар ошкор этилишига йўл қўйилмайди.

Жисмоний шахсларнинг видеокузатув ва тасвирга олиш техника воситалари ҳамда мобиль қурилмалари орқали қайд этилган электр, иссқлик энергияси, газдан фойдаланиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида белгиланган тартибда кўриб чиқилади.

2023 йил 1 декабрга қадар ҳуқуқбузарлик ҳолатлари, шу жумладан, табиий газдан фойдаланиш қоидаларини мунтазам равишда қасддан бузган истеъмолчиларнинг ягона электрон реестри жорий этилади.

ЎзА