17-18 октябрь кунлари Пекин шаҳрида “Макон ва йўл” доирасида халқаро ҳамкорликнинг олий даражадаги 3-анжумани бўлиб ўтади, деб хабар тарқатмоқда Хитой оммавий ахборот ҳамжамияти. Тадбирнинг очилиш маросимида ХХР раҳбари Си Цзиньпин иштирок этади.
Ҳукумат форумга қизғин тайёргарлик кўрган. Улкан халқаро тадбирнинг олий даражадаги меҳмонлари – давлат раҳбарлари қаторида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам бор. Дунёнинг жами 140 дан зиёд мамлакати вакиллари тадбирларда иштирок этиш хоҳишини билдирган.
Ташкилотчилар ҳисоб-китобича, анжуманда 4 мингдан зиёд киши иштирок этади. Хитой ташқи ишлар вазири ўринбосари Ма Чжаосюй “Xinhua” агентлигига интервью бериб, жумладан шундай деди:
– “Макон ва йўл” халқаро ҳамкорлиги ўз олдига умумий фаровонлик ва тараққиёт сари тўхтовсиз ҳаракатланишни таъминлашдек ўта муҳим вазифа қўйган. Ҳамкорларимиз билан бирга ташаббус доирасида лойиҳаларни янада кенг, чуқур ва узлуксиз амалга ошириш йўлида ҳамфикр жамият яратишимиз керак.
Тадбир давомида транспорт тизимини ривожлантириш, экологик лойиҳалар ва рақамли иқтисодиётга бағишланган учта олий даражадаги анжуман бўлиб ўтади. Бундан ташқари, ташқи савдо муносабатлари, маданий-гуманитар алоқалар, таҳлил марказлари ўртасида ҳамда минтақавий ҳамкорлик, денгиз лойиҳаларини ҳаётга жорий қилиш мавзуларини қамраб олган олтита конференция ўтказилади. Қолаверса, ишбилармон доиралар вакиллари иштирокида кенг кўламли йиғилиш ўтказиш ҳам кўзда тутилган.
Имзоланадиган ҳужжатлар, илгари суриладиган ташаббуслар, ҳамкорлик механизмини такомиллаштиришга интилиш, шунингдек лойиҳалар, стратегик тадбирлар кўлами анжуман жуда самарали ўтишидан дарак бермоқда.
Пекин тантаналар руҳига чўмган
Кўплаб хорижий етакчилар, халқаро ташкилотлар раҳбарлари, дунёнинг таниқли сиёсатчилари, олимлар ва йирик жамоат арбоблари Чин ўлкасига ташриф буюриши муносабати билан пойтахт ҳокимияти шаҳарнинг марказий қисмида, халқаро форум ўтадиган жой атрофида жамоатчилик хавфсизлиги назоратини кучайтириши учун полиция ва махсус хизмат идоралари ходимларини жалб қилган. Тяньаньмэнь майдонида барча мамлакатлар, жумладан Ўзбекистон давлат байроғи ҳилпираб туради.
С.Раҳимов,
ЎзА