Дунёдаги энг баланд ёғоч бино Швеция пойтахти Стокгольм шимоли-ғарбида, Чиста туманида қурилади. Бу ҳақда AзерТAЖ хабар берган. Баландлиги 140 метрли 40 қаватли бинода икки минг иш ўрни учун офис хоналари жойлашади.

Бинода ресторан, жамоатчилик учун очиқ айвон, биринчи қаватда эса ошхона бўлади.

Иншоот учун қурилиш майдони тасодиф танланмаган. Ривожланмаган Чиста бугунги кунда мамлакатда ўсиб бораётган жиноятчилик нуқтаи назаридан, яшаш учун хавфли манзил ҳисобланади, жиноятларнинг салмоқли қисми айнан шу ҳудудда содир бўлади. Ушбу лойиҳани амалга ошириш орқали Чистани тартибга солиш, шундай салбий ҳолатларга қарши курашиш назарда тутилган.

Швецияда ўрмон ёғочидан фойдаланиб, ўта замонавий бино қуриш Норвегиянинг “Stockholm Wood Tower” ва “AB Invest A/S” компаниялари томонидан амалга ошириляпти.

Қурилиш ишлари 2026 йил бошланади, объект 2028 йил биринчи фойдаланишга топширилади.

Стокгольм шаҳри ҳокимияти фикрича, Чиста шаҳарсозликни янада ривожлантириш учун кенг имкониятга эга. Бу ерда 4000 га яқин турар-жой биноси, меҳмонхона, савдо ва спорт иншоотлари, идоралар, болалар боғчалари қурилиши режалаштирилган.