Адлия вазирлигида 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни муносабати билан “Давлат тилини ривожлантиришда инновацион ечимлар” мавзусида тадбир ташкил этилди.

Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти ва Адлия вазирлиги масъуллари, тилшунос олимлар, ҳуқуқшунослар ва ОАВ ходимлари иштирок этган тадбирда икки муҳим лойиҳа тақдимоти бўлиб ўтди.

Улардан бири – Юридик атамалар электрон луғати (тезауруси)дир.

Бугунги кунда юридик терминлар тизимини тартибга солиш ва шу асосда мамлакатимизда барча ҳуқуқ-суд тизими учун юридик терминлар тезаурусининг ягона электрон платформасини ишлаб чиқишга эҳтиёж мавжуд эди. Ушбу вазифа ижросини таъминлаш мақсадида “Юридик терминлар электрон тезауруси ва инновацион мультимедия портали” ишлаб чиқилди.

Лойиҳада Адлия вазирлиги, Тошкент давлат юридик университети, “Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот маркази ва бошқа адлия муассасалари мутахассислари иштирок этди.

Лойиҳа иштирокчилари томонидан 3 минг 236 юридик термин ва тушунчанинг тезаурус луғат мақоласи тайёрланди. Улардан 2 минг 116 таси thesaurus.tsul.uz платформасига жойлаштирилган, 1 минг 126 термин эса экспертиза босқичида. Экспертизадан ўтгандан кейин улар ҳам платформага жойлаштирилади.

Платформадан фойдаланиш бўйича бешта видеойўриқнома яратилган бўлиб, уларда барча жараёнлар батафсил тушунтирилган ва шу платформага жойлаштирилган.

Лойиҳа орқали ҳуқуқий терминлар тартибга солинди. Юридик тушунчалар битта платформада жамланмоқда. Ҳуқуқий таълим учун қулайлик яратилади. Қонун ижодкорлигида самарадорлик ортади. Бошқа фан ва техника соҳалари тезауруслари учун намуна бўлади. Юридик тилни такомиллаштиришга ёрдам беради. Ҳуқуқий терминлар тартибга солинади.

Платформа орқали фуқароларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш даражасини ошириш, марказлашган электрон базаларни яратиш, бошқа давлат органлари ахборот тизимлари билан электрон тарзда маълумот алмашишни ташкиллаштириш бўйича бир қатор натижаларга эришиш мумкин.

Жумладан, ушбу платформа “Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси” (Lex.uz) янада ривожлантирилишига ҳисса қўшади.

Шунингдек, унинг “Фуқаролик ҳолати далолатномалари ёзувлари ягона электрон архиви”, “Нотариуслар маълумотларининг автоматлаштирилган тизими” ва Суд департаментининг “Е – ижро” ахборот тизимлари билан интеграция қилиниши уларда қўлланиладиган юридик терминлар унификациясига хизмат қилади.

Иккинчи лойиҳа – Ўзбек исмларининг изоҳли имло луғати. Ушбу иш “Ўзбек исмларининг изоҳли имло луғати ва мобиль иловасини яратиш” номли инновацион лойиҳа доирасида бажарилган.

Маълумки, давлат хизматлари тизимида, хусусан, ФҲДЁ бўлимларида, шунингдек, фуқаролик паспортларини расмийлаштириш жараёнида ўзбек исмларининг лотин ҳамда кирилл алифбосидаги имлоси, исмлар маъноси изоҳи, шунингдек, паспорт тизимида уларнинг инглиз тилидаги вариантининг тўғри ёзилишида қатор муаммолар мавжуд. Шунингдек, тилимиз янги исмлар билан бойиган бир жараёнда уларнинг имлоси билан боғлиқ муаммоларга ечим сифатида “Ўзбек исмларининг изоҳли имло луғати” ҳамда унинг мобиль иловаси яратилди.

Лойиҳа Адлия вазирлиги ташаббуси ва таклифига кўра Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети, Альфраганус университети, Ўзбекистон халқаро Ислом академияси  олимларидан иборат ишчи гуруҳ томонидан яратилди.

Луғатда 10 минг атрофида исмлар мавжуд. Хусусан, арабча, ўзбекча, туркча, татарча, мўғулча, юнонча, сурёнийча, паҳлавийча, яҳудийча, сўғдча, ўзбекча – қадимий туркча исмлар келтирилган.

Лойиҳа ўзбек исмлари луғатини қадриятларимизга мос исмлар билан бойитиш ва захирасини тартибга солишга ёрдам беради. Давлат хизматлари тизими, ФҲДЁ бўлимлари, фуқаролик паспортини қайд қилиш соҳалари мутахассисларининг исмларни тил қоидалари ва қонуниятларига мос тарзда қайд қилишлари учун муҳим қўлланма бўлиб хизмат қилади. Луғатнинг замонавий электрон шаклларини яратиш келгусида уни мунтазам бойитиб бориш имконини беради ва улардан исталган пайтда фойдаланиш учун қулайлик яратади.

Электрон луғатда исмларнинг лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбоси ҳамда инглиз тилида ёзилиши ва маъноси (изоҳи) акс этган. Луғат ФҲДЁ электрон тизимига интеграция қилинади.

Н.Абдураимова, ЎзА