Аввал хабар берилганидек, пойтахтимизда 11-12 октябрь кунлари “Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва қишлоқ хўжалигини инновацион ривожлантиришда хотин-қизларнинг ўрни” мавзусида халқаро форум бўлиб ўтди. Халқаро қишлоқ аёллари кунига бағишланган ушбу форум Европа Иттифоқи, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт дастури ҳамда бир қатор вазирлик ва идоралар ҳамкорлигида ташкил этилди.

Форумда қишлоқ хўжалиги соҳасидаги аёлларнинг салоҳиятини янада кенгайтириш юзасидан фикр-мулоҳазалар алмашилди.

Қайд этилганидек, қишлоқ хўжалиги соҳасининг турли секторларида минглаб хотин-қизлар фаолият олиб боради. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тизимидаги 23 та илмий тадқиқот институтларида ҳам олима аёллар фаолият олиб бораётгани, аграр соҳани илмий жиҳатдан ўрганишда фаоллик кўрсатаётгани қувонарлидир.

Халқаро форумнинг иккинчи кунида анжуман иштирокчилари Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот институтига ташриф буюрдилар. Шунингдек, академик Маҳмуд Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институти фаолияти билан ҳам танишдилар.

Мазкур халқаро анжуман аграр соҳадаги хотин-қизлар учун ўзаро тажриба алмашиш майдони бўлди.

Муҳтарама Комилова, ЎзА