Ҳаётимизда содир бўладиган турли офатларнинг олдини олиш ва улардан келадиган зарарни камайтириш чора-тадбирларини кўриш муҳим масалалардан биридир. Кутилмаган фавқулодда вазиятлар оқибатлари инсонлар ҳаёти ва саломатлигига, мамлакатлар иқтисодиётига зарар етказиши сир эмас. Шу боис ҳам табиий офатлар хавфини камайтириш борасидаги саъй-ҳаракатларни жадаллаштириш лозим.
1989 йилда БМТ Бош Ассамблеясининг 44-сессиясида қабул қилинган резолюцияга биноан 1990-1999 йиллар табиий офатлар хавфини камайтириш ўн йиллиги деб эълон қилинган. Шу давр мобайнида ҳар йили октябрь ойининг иккинчи чоршанбаси Халқаро табиий офатлар хавфини камайтириш куни деб эълон қилинган.
Бу борада кенг миқёсдаги чора-тадбирларни давом эттириш мақсадида БМТ Бош Ассамблеясининг 2017 йил 17 январдаги резолюциясига асосан ҳар йилнинг 13 октябрь санаси мунтазам равишда Халқаро ҳалокатлар хавфини камайтириш куни деб эълон қилинди.
БМТ томонидан барча аъзо давлатлар ва халқаро ташкилотларга ушбу кунни муносиб даражада нишонлаш, турли ҳалокатларнинг олдини олиш ва уларнинг хавфини камайтириш бўйича дастурий режалар ишлаб чиқиш, имкон қадар талафотларга йўл қўймаслик чораларини кўриш тавсия этилади.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Табиий офатлар хавфини камайтириш Халқаро стратегияси, Халқаро Фуқаро муҳофазаси ташкилоти ва Осиё табиий офатлар хавфини камайтириш маркази бу масала билан бевосита шуғулланади. Осиё табиий офатлар хавфини камайтириш маркази Осиё қитъасида табиий офатлар хавфини камайтириш мақсадидаги асосий халқаро хамкорлик ташкилоти сифатида 1998 йил тузилган. Унга 25 та мамлакат, жумладан Ўзбекистон ҳам аъзо ҳисобланади.
Юртимизда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва унинг тизимидаги ташкилотлар турли офатларнинг олдини олиш, аҳолининг бу борадаги ҳушёрлигини ошириш борасида мунтазам фаолият олиб боради.
М.Комилова, ЎзА