Ўзбекистоннинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) институтлари, хусусан, ЮНИСЕФ билан муносабатлари фаоллашиб бормоқда. Ўзаро ҳамкорликда мамлакатимизда қатор йирик қўшма тадбир ва лойиҳалар амалга оширилаётир.

Болаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, жумладан, уларнинг сифатли таълим-тарбия олиши учун яратилаётган шарт-шароитлар самарасини таъминлашда тузилманинг алоҳида ўрни бор.

Бу Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоеванинг мамлакатимизда амалий ташриф билан бўлиб турган БМТ Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ)нинг Европа ва Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Регина Де Доминицис билан учрашувида алоҳида қайд этилди.

Учрашувда Ўзбекистон ва ЮНИСЕФ ўртасидаги ҳамкорликнинг муҳим жиҳатлари кўриб чиқилди. Алоқаларни янада мустаҳкамлашга қаратилган таклифлар муҳокама қилинди.

Мулоқот давомида перинатал саломатлик, болалар ўсиши ҳамда ривожланиши ҳолатини ўрганишга оид 2024 – 2025 йилларда Озиқланиш бўйича иккинчи миллий тадқиқотни ўтказиш, болаларда ирсий касалликларнинг олдини олиш ва даволаш самарадорлигини ошириш, шунингдек, болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш борасида амалий ҳамкорликни кучайтириш юзасидан таклифлар билдирилди.

Таълим, инклюзив таълим ва соғлиқни сақлаш тизимларининг ҳуқуқий-институционал асосларини такомиллаштириш борасида ҳам фикр алмашилди.

ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамкорлигида мультииндикатор кластер кузатувлари (MICS)ни ўтказиш қамровини янада кенгайтириш ҳамда ушбу тадқиқотга мутасадди давлат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти институтларини янада кенг жалб қилиш юзасидан саъй-ҳаракатларни бирлаштиришга келишилди. Шунингдек, БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини ижро этиш бўйича миллий ҳаракатлар режасини яқин фурсатда қабул қилиш заруратига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Учрашув якунида Ўзбекистоннинг ЮНИCЕФ билан конструктив ҳамда самарали ҳамкорлигини амалий лойиҳалар билан мустаҳкамлашга келишиб олинди.

Н.Абдураимова, ЎзА